ПОРА ОЛСАНГ, ЖАЗО МУҚАРРАР, БЕРСАНГ ҲАМ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўриш зарур. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган ва жорий йилнинг 4 январь куни кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни эса бу борадаги муҳим қадам бўлди.

Айтиш жоизки, мазкур Қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос яратди. Бу давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Барча соҳаларда коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабат қарор топади.

Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Асосан тумандаги мактабларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, туман тиббиёт бирлашмаси вакиллари иштирок этган ушбу давра суҳбатида жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судьяси А.Мўминов, туман суди судьяси Ж.Мамуровлар бугунги кунда авж олган фирибгарлик жинояти ва ишга кириш масалаларидаги олди-бердиларни бартараф қилиш, бунинг учун аҳолининг ҳуқуқий онгини шакллантириш хусусида маъруза қилиб, тегишли қонун талабларидан келиб чиқадиган вазифалар бўйича тушунчалар беришди.

-Бугунги тадбирдан жуда кўп маълумотлар олдим, -дейди 6-мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Анвар Бегишев. -Масалан, Қонунда давлат органлари ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат қилганлигига оид барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек, давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт. Ушбу мажбуриятнинг давлат органлари ходимлари томонидан бажарилмаслиги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Бу эса бизни доимо огоҳликка чорлаб туради.

Тадбир сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб қайтардилар.

Аброр САБАРАЛИЕВ.