ТАДБИРКОР ТЎСИҚЛАРДАН ХОЛИ БЎЛСИН
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги ПҚ-2752-сонли қарори билан тасдиқланган «2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури»да Давлат солиқ қўмитасига бир қатор вазифалар юклатилган. Бу борада тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиш, ноқонуний текширишларнинг олдини олиш, турли хилдаги аралашувларни янада қисқартириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари билан текширишларни тартибга солиш шулар жумласидан.
Юқоридаги долзарб масалаларнинг бажарилиши ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг 2017 йил 17 апрелдаги ЭДО-061-сонли Назорат-режасининг ижросига бағишланган Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи туман ҳудудий комиссиясининг семинар йиғилишида атрофлича ўрганилди.
Йиғилишни туман ҳокими, ҳудудий комиссия раиси Абдуғани Турдиев очди ҳамда кун тартибидаги масалаларнинг мазмун-моҳияти, бугунги кунда республикамизда тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритишлари учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар хусусида батафсил тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг йиғилишда сўз олган туман прокурори в.б. Воҳиджон Нишонов коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги ЎРҚ-419-сонли Қонунининг қисқача мазмуни билан таништирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунининг ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш вазифалари белгилаб олинди.
Раҳимжон МИРЗАЕВ,
туман ДСИ бош инспектори.

