ТОМАТ ПАСТАСИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ

Байрам арафасида Янгиер МФЙ ҳудудида «Муҳаммадали ҳамкор бизнес» масъулияти чекланган жамиятига қарашли томат пастасини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фойдаланишга топширилди.

Ўн миллион долларлик ушбу лойиҳа учун 5 гектар ер майдони ажратилган. Жамият раҳбари Муроджон Ибрагимов саъй-ҳаракати билан бино-иншоотлар қуриб битказилди, Хитой ва Италия давлатларидан замонавий технологиялар келтирилиб, жиҳозланди. Бу эса йилига 13 минг тонна томат пастаси ишлаб чиқариш имконини беради. Келгусида корхона ёрлиғи остида 9 миллион 700 минг сўмлик маҳсулот чет давлатларга экспорт қилинади. Энг асосийси, 200 га яқин киши доимий иш билан таъминланади. Уларнинг аксарияти коллеж битирувчиларидир.

Корхонанинг очилиш маросими катта шодиёнага айланди. Уни туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев очди. Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров маросим иштирокчиларини мустақиллик байрами ва корхонанинг ишга тушиши билан самимий муборакбод этди, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмининг ортишига ишонч билдирди. Шундан сўнг илғор қурувчилар вакилларига совғалар топширилди. Нуронийлар ва меҳмонлар иштирокида рамзий лента қирқилди. Барча корхонанинг фаолияти ва истиқболдаги режалари билан танишиш учун таклиф этилди.