ХАТАРЛИ САВДО
Мамлакатимизда демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинди. Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси ва инсон ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинаётган демократик давлат сифатида эътироф этилмоқда. «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида трансмиллий қилмишга барҳам беришнинг ҳуқуқий асослари белгиланган.
Юртимизда бу иллатга қарши кескин курашилаётгани, бу борада тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганига қарамасдан, айрим инсонларнинг ишонувчанлиги уларнинг одам савдоси қурбонларига айланишларига сабаб бўлмоқдаки, бу барчамизни яна бир карра огоҳликка чорлайди. Одам савдоси билан боғлиқ жиноятни содир қилганлар орасида ҳамюртларимизнинг борлиги ачинарлидир. Улар мўмай даромадни инсонийликдан устун қўймоқдалар, пулни деб қариндошлик ришталарини узмоқдалар. Наҳотки, бундай кимсалар текин пишлоқ тузоқда бўлишини, меҳнат қилмасдан бойликка эришиш мумкин эмаслигини билишмаса?
Одам савдосидан жабр кўраётганлар, терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолаётганлар орасида ўзбек хотин-қизларининг, ёшларнинг учраётгани бу турдаги жиноятларга қарши курашиш, олдини олиш соҳасидаги амалий ишларимизни янада жонлантириш, ривожлантириш, самарадорлигини ошириш кераклигини кўрсатмоқда.
«Ҳозирги вақтда ёшлар, айниқса, чет элда ишлаб, ҳалол меҳнат билан даромад топаман, деб юрган фуқароларимиз терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолмаслиги учун биз барча чораларни кўраяпмиз.
Авваламбор, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият бераяпмиз. Бизнинг мақсадимиз улар билан рақобат қилиш эмас, балки ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, умумий муаммоларни биргаликда ечишдан иборат.
Шу мақсадда, мана, Туркманистон ва Қозоғистон Республикасига қисқа муддатда икки марта ташриф билан бордик. Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Саудия Арабистонига ташрифларимиз ҳам самарали бўлди.
Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида меҳнат миграцияси бўйича муҳим келишувга эришдик. Бизнинг бу борадаги позициямиз аниқ: одам қаерда бўлса ҳам ишлаши, оиласи, бола-чақасини боқиши керак. Лекин у ҳалол меҳнат қилиши, қонуний йўл билан даромад топиши лозим», -дея таъкидладилар Президентимиз шу йил 15 июнь куни пойтахтимизда ўтказилган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзуидаги анжуманда сўзлаган нутқларида.
Демак, мутасадди ташкилотлар аҳоли ўртасида бу борада тушунтириш ишларини олиб боришлари, бугунги ислоҳотларни халққа етказишларида фаол бўлишлари лозим.
Расулбек УММАТОВ.

