ҲАРАКАТ ХАВФСИЗЛИГИ ҚОИДАЛАРИ БУЗИЛМАСИН

Юртимизда транспорт воситаларининг сони кундан-кунга ортиб, йўлларда ҳаракат жадал ўсиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, содир этилаётган ҳодисаларнинг оқибатларига, уларнинг юзага келиши шарт-шароитларига эътиборни кучайтириш лозимлигини тақозо қилади.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши тасарруфидаги туман ўқув спорт техника клуби(ЎСТК)да транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги учун жиноий жавобгарликка тортиш асосларини вужудга келтириш ва ушбу жиноятларнинг олдини олишга бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Унда жиноят ишлари бўйича туман судининг судьяси Ж.Мамуров, туман ИИБ ЙҲХГ катта инспектори, капитан М.Қосимов, ЎСТК бошлиғи И.Мавлоновлар иштирок этдилар. Улар йўл ҳаракати хавфсизлигига оид қонунчилик тобора такомиллашаётгани, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, ҳайдовчилик гувоҳномасисиз транспорт воситаларини бошқармаслик, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига киритилган ўзгартишлар хусусида йиғилиш иштирокчиларига тушунчалар беришди.

Шунингдек, транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш, йўл ҳаракати қоидалари бузилишининг олдини олиш, қоидабузарларга нисбатан тегишли жазо чораларини қўллаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган бўлиб, бу борада бир қатор ижобий натижаларга эришилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўрганиш жараёнида ҳайдовчи ва пиёдалар томонидан қонун талаблари бузилиш ҳолатлари аниқланган. Охирги пайтда ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезликни ошириш, маст ҳолда автотранспорт воситасини бошқариш, белгиланмаган жойлардан пиёдаларнинг ўтиши билан боғлиқ бўлган қоидабузарликлар кўп кузатилмоқда.

Йиғилишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди, иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарилди.

“Уйчинома” мухбири.