ЖАЖЖИЛАР ЗАВҚҚА ТЎЛДИ
Туман халқ таълими МФМТТЭ бўлимига қарашли 1-сонли давлат махсус мактабгача таълим муассасида асосан таянч ҳаракат аъзоларида нуқсони бор, ақлий ривожланишдан орқада қолган болалар тарбияланади. Ушбу масканда жажжи болажонлар учун етарли шарт-шароитлар яратиб бериш туман ҳокимлигининг доимий эътиборида бўлмоқда.
Мустақиллик байрами муносабати билан муассасага туман ҳокими Абдуғани Турдиев, тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари ташриф буюриб, кичкинтойларга бир олам қувонч улашдилар.
-Болажонларнинг порлаб турган кўзи, меҳр ва эътибордан севинчини кўриб, биз ҳам хурсанд бўлиб кетдик, -дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Абдуғаффор Режаббоев. -Фақат байрамлардагина эмас, доимо бу муассаса тарбияланувчиларидан хабар олиб туришимиз, қўлимиздан келганча ёрдамимизни аямаслигимиз керак.
Шу куни муассаса кичкинтойларига Ўзбекистон МК «Ватанпарвар» ташкилоти туман кенгаши қошидаги ўқув спорт техника клуби, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, «Уйчи пахта тозалаш» АЖнинг байрам совғалари – ўйинчоқлар туҳфа этилди.

