ИЧКИЛИК ОРТИДАН КЕЛГАН БАЛО

Ичкиликнинг лаҳзалик ҳаром кайфидан бўлак нимаси бор? Унга ружу қўяётганлар мана шу ҳақиқатни англаб етсалар, қанийди. Кўпгина нохушликларнинг олди олинар, кўнгилсизликларга барҳам бериларди.

Жийдакапада бўлиб ўтган тўполоннинг келиб чиқишига айнан спиртли ичимлик сабаб бўлди. Ошхонада тўқнаш келган икки ёшлар Н.Қ. ва Д.П.нинг иккови ҳам маст ҳолда, бир-бирининг сўзларини тушунадиган, келишмовчиликни ақл билан ҳал этадиган вазиятда эмасди.

Даҳанаки жанжал тез орада муштлашувга айланди. Бир-бирини дўппослаган рақиблар барибир қониқишмади чоғи, Д.П. атрофга аланглаб, тош қидира бошлади. Кафтига аранг жойлашадиган тошни топиб, уни олаётганда, Н.Қ. унинг ниятини пайқаб қолди. Столдан пичоқни олиб, Д.П.га ташланди ва бир неча жойига зарба бериб, жароҳат етказди.

Мастлик оқибатида юзага келган кўнгилсизлик ниҳоясида жанжалкашларнинг бири касалхонага ётқизилди, иккинчиси панжара ортига равона бўлди. Уларнинг ҳар иккиси қилмишидан қанчалик пушаймон бўлмасин, вақтни, афсуски, ортга қайтариб бўлмайди.

Шундай қилиб, Н.Қ. безорилиги оқибатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми, «е» бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланди.

Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Айбланувчи Н.Қ.га 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Илёсбек ХЎЖАНОВ,

туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант.