ЙЎЛАКДАГИ САВДО РАСТАЛАРИ
Кайфиятнинг эрталабдан таранглашиши кун бўйи иш унумига салбий таъсир кўрсатади, асабнинг бузилишига олиб келади. Кейинги пайтларда уйдан ишхонага етиб боргунча шундай ҳолат тез-тез содир бўлаётганига гувоҳмиз.
Яна ўша тирбандлик масаласи. Тўғри, бу гал автоуловлар тирбандлиги ҳақида тўхталмоқчи эмасмиз. Эҳ-ҳе, пиёдаларнинг ҳам тирбандлиги бўларканми, деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Ҳа, айнан шундай.
Демак, Уйчимиз юқоридаги масалада катта-катта шаҳарлар мақомига етиб олибди-да, -дея сўраманг. Ҳали у даражага чиқиб олиш учун кишиларнинг, айниқса, жамоат жойларида хизмат қилувчилар, аниқроғи, тирикчилик ташвишида юрганларнинг маънавий-маданий савиясини кўтаришимиз лозим. Аммо ушбу ишга айнан ўша хизматчиларнинг ўзлари хайрихоҳ бўлмас эканлар, қолган ишлар бари зое кетаверади.
Кейинги вақтда туман марказидаги «Уйчи деҳқон бозори» атрофида жойлашган савдо дўконлари, йўлакларда тартибсиз савдо-сотиқнинг тобора авж олиб кетганлиги ташвишланарлидир.
Шаҳарчамиз кўркига кўрк қўшиб турган бозоримиз бор. Анча-мунча туман аҳолиси ҳавас қилса арзийдиган иншоот. Унда барча сотувчи-ю харидор, турли маҳсулотларни жойлаштириш, сақлаш учун етарлича шарт-шароитлар мавжуд. Бироқ, йўлни тирбанд этиб, пайнет шохобчаси буткалари, нон ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари расталари, пала-партиш соябонларни ўзига қулай жойга ўрнатиб, савдо қилиш дилни нохуш этиши табиий.
Жамоат жойларида ҳар гўшанинг ўз функцияси бор. Йўлакнинг вазифаси – пиёдалар қатновига хизмат қилади. Тротуарнинг луғавий маъноси – кўчанинг чеккасида, қатнов йўли билан иморатлар ўртасида пиёдалар учун қурилган йўлка. У асло савдогарлар учун мўлжалланган эмас. Мана шу оддийгина ҳақиқатни кишилар онгига етказишнинг ўзи ҳам ўта қийинчилик билан амалга оширилаётгани уят эмасми? Ғафур Ғуломнинг «Шум бола»сидаги Қоравойдек қопини дуч келган жойга қўйволиб: «Кеп қолинг, оп қолинг, қандил олма…», дейдиган даврлар ўтмишда энди.
Юксак ахлоқ-одоб намунасини дунёга тарғиб қилишдек вазифани зиммамизга олган бир пайтда савдо-сотиқ маданиятини йўлга қўйиб олсак, қандай яхши бўларди. Бу эзгу ишда кўпроқ масъулият айнан савдогарлар зиммасида экани ҳам бор гап.
Шу кунларда туман ҳокимлиги, туман ДСИ, туман ИИБ, туман ДСЭНМ мутасаддилари, кенг жамоатчилик саъй-ҳаракати билан бозор атрофи бирмунча тартибга келтирилди. Лекин вақт-бемаҳал «ётиб қолгунча, отиб қол» қабилида иш кўрувчи айрим фуқаролар томонидан нон ва сут маҳсулотлари, мева-сабзавотлар савдосини белгиланмаган жойларда авж олдираётганларига гувоҳ бўляпмиз.
Кўзланган мақсад битта – йўловчи-ю харидорга қулай шароит бўлсин, тирбанд йўллар тартибга келтирилиб, киши кўрса ҳавас қиладиган даражага етсин.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

