СОЛИҚ ТЎЛОВЧИНИНГ ШАХСИЙ КАБИНЕТИ қулай, тезкор ва ишончли
Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби давлат солиқ хизмати органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолига кўрсатилаётган интерактив давлат хизмати турларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу билан давлат солиқ хизмати органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 13 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ЎРҚ-436-сонли Қонуни билан Солиқ кодексига янги 221-моддаси қўшилди. Яъни, ушбу нормага асосан, солиқ тўловчининг шахсий кабинети тушунчаси киритилди ва солиқ тўловчилар билан муносабатларни электрон шаклда амалга ошириш учун ҳуқуқий асос яратилди.
Бугунги кунда Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинетини янада такомиллаштириш, ҳар бир тузилма ўз йўналишида солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларининг бажарилиши (рад этилиши) билан боғлиқ давлат солиқ хизмати органлари томонидан юбориладиган хат-хабарларни мазмун жиҳатдан таҳлил қилиб, уларни солиқ тўловчи шахсий кабинети орқали юборишни йўлга қўйиш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлда «Солиқ маъмурчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5116-сонли Фармони қабул қилинди. Унда давлат солиқ хизмати органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида бир қатор вазифалар белгиланди.
Айни пайтда Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда, солиқ тўловчилар билан ўзаро муносабатларни тўлиқ электрон тарзда амалга ошириш имкониятини яратиш мақсадида Давлат солиқ қўмитасининг электрон давлат хизматлари порталида жорий этилган солиқ тўловчининг шахсий кабинети янада такомиллаштирилмоқда. Унга биноан, солиқ тўловчининг шахсий кабинетини такомиллаштириш жараёнида қуйидаги қўшимча функциялар жорий этилиши режалаштирилган:
– электрон рақамли имзо калитисиз шахсий кабинетга кириш ва унда имзо қўйиш ҳуқуқисиз, таҳрирлашсиз, ҳужжатларни юбориш имкониятисиз ишлаш;
– давлат солиқ хизмати органлари томонидан шакллантирилган солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетининг амал қилишини бошлаш ёки тўхтатиб туришни солиқ тўловчи томонидан ихтиёрий равишда амалга ошириш;
– солиқ тўловчи шахсий кабинетни фаоллаштиргандан сўнг давлат солиқ хизмати органларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган ўзаро муносабатларни фақат электрон тарзда амалга ошириш;
– солиқ тўловчи солиқ идоралари билан ўзаро муносабатларини фақат электрон тарзда амалга оширишга ўз истагини билдирган тақдирда солиқ органлари томонидан юбориладиган барча ҳужжатлар электрон шаклда фақат солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ тўловчига тақдим этилади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, замонавий тажриба ва солиқ тўловчиларнинг таклифларини ўрганиш асосида «Жисмоний шахсларнинг имтиёзлар маълумотномаси», «Ўз бизнесингни ярат», «Солиқ тўловчиларни рўйхатга олиш» каби электрон давлат хизматлари такомиллаштирилмоқда. Шунингдек, электрон давлат хизматларидан фойдаланиш учун янги мобиль илова ишлаб чиқилди.
Улуғбек ЙИГИТАЛИЕВ,
туман ДСИ бошлиғининг биринчи ўринбосари.

