ТЎҚСОНБОСДИ ЭКИНЛАРИ -ТЎКИНЛИК МАНБАИ

Дунёда рўй бераётган иқтисодий инқирознинг сабабларидан бири озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги билан боғлиқ. Ер юзининг турли нуқталарида 1 млрд. атрофидаги киши тўйиб овқат емаслиги ушбу муаммо нақадар жиддий эканидан далолат.

Мамлакатимизда серунум ерлардан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш учун барча шарт-шароитлар етарли. Шуларни инобатга олиб, экин экиш ва йиғиштириш ишларида комплекс тарзида ёндашиш кейинги йилларда ижобий натижа бермоқда, ҳосилдорлик ва маҳсулот сифати юқори бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 августда «2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбосди усулида сабзавот экинларини жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3230-сонли қарори қабул қилинди. Унинг ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг 601-сонли, туман ҳокимининг 940-сонли қарорлари кучга кирди.

Туманимизда 2018 йил ҳосили учун барча хўжаликларда 153 гектар майдонга август-сентябрь ойларида сабзавот, 2732 гектар майдонга тўқсонбосди экинлари экиш белгилаб олинди.

Юқоридаги вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан 4-5 сентябрь кунлари пахта-ғалла, боғ-ток ва бошқа йўналишдаги фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда аҳоли томорқалари эгалари иштирокида кўргазмали семинар йиғилишлар бўлиб ўтди. Унда мавжуд 4 та сектор бўйича август-сентябрь пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбосди усулида сабзавот экинларини экиш учун ҳозирлик кўриш масалалари атрофлича ўрганиб чиқилди. Масалан, юқоридаги экинларни етиштириш учун 3,1 тонна пиёз, 215 тонна саримсоқпиёз, 0,8 тонна сабзи, 1,4 тонна ош лавлаги, 4,5 тонна турли кўкатлар, 1,6 тонна кўкпиёз, 0,6 тонна седана уруғи зарур. Уларнинг асосий қисми тумандаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари ҳисобидан қопланса, қолган уруғликлар «Тўрақўрғон ширинлик» корхонаси ва якка тартибдаги тадбиркорлардан келтириладиган бўлди. Барча агротехник тадбирларни самарали ўтказиш бўйича минерал ўғит ва ёнилғи мойлаш материаллари захираси ҳозирланмоқда.

Етиштириладиган ҳосил 30 минг тонна атрофида чамаланмоқда. Агар ҳосилнинг 30 фоизи экспортга йўналтирилса, 2837 минг АҚШ доллари миқдорида даромад қилиниши кўзда тутилган.

Семинар йиғилишида шу ва бошқа муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Семинарларда сектор раҳбарлари – туман ҳокими Абдуғани Турдиев, туман прокурори Жобирхон Азимов, туман ИИБ бошлиғи Санжар Абдуллаев, туман ДСИ бошлиғи Расулжон Атахановлар иштирок этдилар.

Абдулҳаким НИШОНОВ.