ҚАДРИ БЕБАҲО НЕЪМАТ
Тарихдан маълумки, инсон учун энг хавфли таҳдид бу маънавий таҳдиддир. Дарҳақиқат, бугун энг катта хавф сифатида диний экстремизм ва терроризм тилга олинмоқда. Терроризм биринчи галда инсоният учун энг муҳим ва қимматли бўлган бойлик, яъни тинчлик, кўнгил хотиржамлиги, мамлакат тараққиётининг муҳим тарихий омили бўлган фуқаролараро ҳамжиҳатликка раҳна солувчи асримизнинг хавфли ижтимоий иллати сифатида тилга олинмоқда.
Бугунги кунда яқин Шарқ мамлакатлари ёки қўшни Афғонистонда содир бўлаётган қонли урушлар, қирғинбаротлардан хулоса чиқариб яшашимиз, мана шу буюк заминимизни ҳар қандай ташқи кучлардан асрашга доимо тайёр туришимиз, тинч-осойишта ҳаётимизнинг қадрига етишимиз лозим. Фуқароларимиз, айниқса, ёшларни турли ёт ғоялар, тубан «оммавий маданият» хуружларидан асраш, бу борада жуда хавфли бўлган диний экстремистик ғояларга йўл қўймаслик долзарб вазифалардан бири саналади.
Аниқ айтиш мумкинки, агар диний экстремизм ва ақидапарастлик шиорлари халқаро террорнинг ғоявий ниқоби бўлса, наркобизнес ва наркотрафик, ҳеч шубҳасиз, халқаро террорнинг молиявий таянчидир.
Таъкидлаш жоизки, диний экстремизм жамият хавфсизлиги, барқарорлик, олиб борилаётган ислоҳотлар, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва бошқа конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига ҳеч қачон бугунгидек катта хавф туғдирмаган. Жамиятда тинчлик ва хавфсизлик, бошқарув тартиби, жамоат хавфсизлигига қарши жиноятларнинг сабаблар мажмуасида диний экстремизм асосий халқалардан бири бўлиб қолмоқда.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, диний экстремистлар ўз мақсадларига эришиш учун айни пайтда ўта сўл йўлни, яъни террорчиликни танлашмоқда. Маълумки, террорчилик диний экстремизмга сиёсий мақсадларни амалга ошириш, ҳокимиятни эгаллаб олиш учун қўл келади. Илмий кузатишлар ва жиноятчиликка қарши кураш амалиётига кўра, диний экстремистик ташкилот ва оқимлар ўз мақсадларига эришишда, асосан, ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз ёшларни ўз тузоғига илинтириш, турли йўллар билан уларнинг миясини заҳарлаб, ўз халқи, юртига қарши ғанимга айлантиришга жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда.
Хўш, мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружлардан, терроризм ва диний экстремизмдан ҳимояланишнинг йўллари борми? Бор, албатта, бу – аҳолининг ижтимоий-сиёсий саводхонлиги, фаоллигини ошириш, мамлакатимиздаги ўзгаришларга нисбатан фуқароларда дахлдорлик ҳиссини уйғотиш, шунингдек, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга асосланган мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш кабилардир. Буни, аввало, ҳар бир киши англаб етмоғи, ҳис қилиши керак.
Шу билан бирга, яқин ва узоқ давлатларда юз бераётган ҳодисалар, Сурия, Ироқ мамлакатларида содир бўлаётган қонли урушлар, қирғинбаротлардан тўғри хулоса чиқариб яшашга интилишимиз даркор. Чунки тинчлик-осойишталикнинг қадри бебаҳо, қадри шу қадарки, бунинг учун инсон бутун борлиғини бахшида этса арзийди.
Фазлиддин МУҲИДДИНОВ,
халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутати.

