ҚУВОНЧИМ ЧЕКСИЗ

Мамлакатимизда биз каби ёшларнинг таълим-тарбия олишимиз учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Бундан беҳад мамнунмиз.

Икки йилдирки, спортнинг таэквондо WTF тури билан шуғулланиб келаман. Ўтган йили «Умид ниҳоллари» мусобақасининг вилоят босқичида туман терма жамоаси вакили сифатида 1-ўринни эгалладим. «Ёш қутқарувчи» мусобақасининг туман босқичида ҳам ғолиб чиқдим. «Энг яхши кўргазмали қуроллари учун» номинацияси бўйича 1-ўринни қўлга киритиб, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирландим.

Мен бу йил туманимиздаги таълим рус тилида олиб бориладиган 6-мактабнинг 9-синфини тамомлаб, Чортоқ тиббиёт коллежига умумий ҳамширалик йўналиши бўйича ўқишга ҳужжатларимни топширган эдим. Адолатли усул – тест синовидан муваффақиятли ўтиб, ўқишга қабул қилиндим. Коллеж директори Гулнора Камолова, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Шоира Мамажонова, гуруҳимиз раҳбари Муаттар Валиеваларнинг талабчанлиги ва фидойилигидан ота-оналаримиз ҳам хурсанд.

Мақсадим келажакда яхши таълим-тарбия олиб, малакали мутахассис бўлиб етишиш ва халқимизга хизмат қилишдир.

Мадина МАҲМУДЖОНОВА,

Чортоқ тиббиёт коллежи ўқувчиси.