ГИЁҲВАНДЛИК БАЛО КЕЛТИРАР

Ҳозирда инсоният бошига турли балоларни солиб, оилаларни ва жамиятни таназзулга олиб борадиган иллатлардан бири гиёҳвандликдир. Гиёҳвандлик оқибатида минглаб норасида гўдаклар майиб-мажруҳ туғилмоқда, оилаларда ажралишлар кўпаймоқда ва дунёда миллионлаб одамлар ҳаётдан бевақт кўз юммоқда. Энг афсусланарли жиҳати шундаки, бу жирканч оғуга мубтало бўлган кимсаларнинг тузалиши жуда ҳам қийиндир.

Гиёҳвандлик, бу – наркотик моддаларни доимий қабул қилишга ўрганиб қолиш. Унинг ҳар хил турлари бор.

Ушбу касаллик юзага келиши бир неча босқичда ўтади ва гиёҳванд моддага ўрганиб қолиш натижасида кишида наркоманик синдром пайдо бўлади. Наркотик моддаларга мойиллик ҳам уч босқичда кечади:

-I босқич – наркотик моддаларга руҳий мойиллик пайдо бўлиши.

-II босқич – хумор синдроми пайдо бўлиши.

-III босқич – наркотик моддаларга чидамлилик пасайиши билан характерланади.

Дастлаб инсон организмида руҳий ва жисмоний мойиллик пайдо бўлади. Гиёҳвандлик бошланишида ҳамма беморларнинг наркотик моддаларга бўлган мойиллиги кескин ошиб боради, олдинги истеъмол қилинган наркотик модда эйфория ҳолатини чақирмайди, шунинг учун гиёҳванд беморлар ҳар сафар қабул қилинган гиёҳванд модда миқдорини ошириб боради, натижада гиёҳвандликнинг иккинчи оғир синдромларидан бири – жисмоний боғлиқлик юзага келади. Шу зайлда бангига айланган беморда аввал руҳий ўзгаришлар (тажанглик, кайфиятнинг тез бузилиши, хотира сусайиши, заифлик) пайдо бўлса, кейинчалик жисмоний ўзгаришлар – кўп терлаш, юрак уриши тезлашиши, оғиз қуриши ҳолати, озиб кетиш, қўл-оёқ терлаши, суякларда оғриқ пайдо бўлиши каби ҳолатлар юз беради.

Шундай экан, унга қарши ҳамма бирдек курашиши лозим. Бунда меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролар йиғинлари, ота-оналар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари биргаликда ҳаракат қилиши яхши самара беради. Зеро, ёш авлодни, миллий генофондимизни наркоагрессиянинг ёвуз чангалига тушиб қолишидан асраш, гиёҳвандликка қарши ҳамкорликда курашиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Аҳмаджон ЮСУПОВ,

жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти туман бўлими бўлим мудири.