ДЎКОНДАГИ КЕЛИШМОВЧИЛИК ОҚИБАТИДА…

Бошига бир мушкул тушган киши энг аввало тақдиридан нолийди. Инсон табиати шунақа, айбни ташқи томондан қидиришга одатланган. Аслида устидан ёғилган балоларнинг асосий сабабчиси ўзи эканини англаб етиш даражасига кела олганда эди…

Наманганлик Ш.С. билан содир бўлган ҳодисага эътибор беринг-а.

Қаҳрамонимиз «Чорсу» меҳмонхонаси рўпарасидаги ошхонадан уйига қайтаётганда ширакайф ҳолатда эди. Шу кўйи уйига боришни истамади чоғи, маҳалладаги тоғаси Л.К.нинг тижорат дўконига йўл олди. Буни қарангки, арзимаган 4000 сўмлик маҳсулотни харид қилиш учун ҳамёнини ковлаб кўрганда, бор пулини ароққа сарфлаб юборгани ёдига тушиб қолди. Шунда товарни насияга беришни қистади. Сотувчи бунга рози бўлмагач, ўртада зиддият юзага келди.

Тижорат дўконига шу пайт етиб келган сотувчининг акаси З.К. жанжални босиш учун орага аралашди. Бироқ Ш.С. қуюшқондан чиқиб бўлганди. У ёнидаги пичоқни суғуриб, Ш.С.га ташланди ва унинг бир неча жойига зарба бериб, тан жароҳати етказди.

Шундай қилиб, Ш.С. хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «б, е» бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланиб, айблов хулосаси жиноят иши билан биргаликда туман прокурорига юборилди.

Энди тарозининг икки палласига қўйиб кўринг, 4000 сўм пул қаёқда-ю, унинг ортидан келган жиноят қаёқда? Боз устига, айбланувчи жабрдийда билан яқин қариндош бўлса. Энг муҳими, ҳар қандай вазиятда ақл билан иш кўриш лозим. Хулоса қилиш эса ҳар биримизнинг ўзимизга ҳавола.

Илёсбек ХЎЖАНОВ,

туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси терговчиси, катта лейтенант.