НАВНИҲОЛ ЧЕМПИОН

Оилада тўнғич фарзанд кўришнинг қувончи ўзгачада. Айниқса, у ўғил туғилса, ота шодликдан ич-этига сиғмайди.

Мевазорлик Маҳмуджон Мамажонов оиласида дунёга келган чақалоқ ҳам хонадонга бир олам севинч ҳадя қилди. Унга умид билан Мирзабек деб ном қўйишди.

Мирзабек анча тиришқоқ, ушлаган жойини узадиган бола бўлгани боис, ота-онаси: «Ўғлим полвон бўлади», -деб ният қилишди.

Маҳмуджон ва Фотимахоннинг бу орзулари ушалишини Мирзабек узоқ куттирмади.

2015 йили тажрибали мураббий, III дан қора белбоғ соҳиби Илҳомжон Боястанов қўл остида каратэ билан шуғуллана бошлаган Мирзабек Рустамалиев устозидан якка кураш сирларини тезда ўзлаштира бошлади.

2017 йилнинг 16 июли Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида «Дафкундо» спорт тури бўйича болалар ва ўсмирлар ўртасида мамлакат биринчилиги финал баҳси.

“Мирзабек Рустамалиевич, Наманган вилояти”, эълон қилди сухандон.

9 ёшни қаршилаган Мирзабек бунгача водий биринчилиги, хотира турнирларида анчагина тажриба тўплаганди. Муросасиз кечган ушбу баҳснинг ҳал қилувчи дақиқаларида М.Рустамалиев ғолибликни ўз томонига оғдира олди ва «Ўзбекистон чемпиони» деган шарафли номни қўлга киритди.

Ўтган якшанба куни Андижон шаҳрида яна бир нуфузли мусобақа бўлиб ўтди. 26 кг. вазнда татамига чиққан навниҳол чемпион Мирзабек Рустамалиев бу ерда ҳам тенгсиз эканини исботлади. У уч бор баҳсларга киришиб, барча тўқнашувларда рақибларидан устун келди ва ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Халқаро ареналарда ҳам ўзбек ўғлонлари маҳоратини намойиш этишга астойдил бел боғлаган Мирзабекка келгуси мусобақаларда омад тилаймиз.

Абдулҳаким НИШОНОВ.