ОИЛА АЖРАЛИШ УЧУН ҚУРИЛМАЙДИ
Юртимизда оилаларнинг ҳар томонлама мустаҳкам, бахтли бўлиши учун давлатимиз томонидан барча ҳуқуқий асослар яратилган. Мамлакатимиз Конституциясида оила жамиятнинг асосий бўғини, жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган. Оила, фуқаролик, уй-жой кодекслари ва бошқа қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларнинг барча жиҳатлари эътиборга олинган. Бироқ, шунга қарамасдан, ҳали тўйнинг тафти кетмай туриб, ёш келин-куёвларнинг арзимас сабаблар туфайли ажрашиб кетаётгани кишини ўйга толдиради.
Оиланинг дарз кетишига сабаб бўлаётган омиллар сифатида қуйидагиларни айтиб ўтишимиз мумкин:
-қудалар орасида тўйдан олдин сохта ваъдалар берилиши ва уларни бажармаслик;
-аёл қудаларнинг ҳаддан зиёд замонасозлиги;
-йигитларда ғурур йўқолиб, қайнота-қайнонасининг мол-мулкига қизиқиши ортиб бораётгани;
-эркакларнинг кўр-кўрона ғазаби ва аёлларнинг уларга ахмоқона жавоби;
-кишиларнинг диний саводхонлиги пастлиги, фолбинга ишониши, коҳинларнинг гапига кириши, сабрсизлиги, эри келтирган нафақа-ю рўзғорга шукрона айтмаслиги, эрининг имкониятини била туриб, ундан кўп нарса сўраши, оилада устун бўлишга интилиши, ноўрин рашк қилавериши;
-овсинларнинг «сендан мен ўтай» тарзида иш тутишлари, ўзаро келиша олмасликлари;
-қайноналарнинг келинга унинг сепига қараб муомала қилишлари.
Бундан чиқди, қизларни келинликка тайёрлайдиган марказлар каби ўғил ўстирган онахонларимизни қайноналикка тайёрлайдиган махсус курслар ташкил қилиш вақти етганга ўхшайди. Бинобарин, қайноналик ҳам бир илм.
«Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзуидаги анжуманда Президентимиз: «Турмуш қурган ёшлар орасида ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиш, оила муқаддас эканини тушуниб етмаслик ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб турибди. Ёш оилалар орасида арзимас сабаблар билан ажралишлар кўпайиб бормоқда. Бегуноҳ болалар етим бўлиб, меҳр ва эътиборга энг ташна вақтида ота-она тарбиясидан четда қолмоқда», -дея куюниб гапирдиларки, бу ҳар биримизга сабоқ бўлмоғи зарур.
Мухтасар айтганда, эру хотин бир-бирига либос бўлишни, ор-номусини асраб-авайлашни ҳаётий зарурат, деб билмоғи ва шунга амал қилмоғи лозим. Ана шунда муқаддас қўрғон саналмиш оилага дарз кетмайди, у мустаҳкам бўлиб бораверади. Зеро, оила ажралиш учун қурилмайди. Буни барчамиз, бир зум бўлса ҳам, ёдимиздан чиқармаслигимиз зарур.
Исроилхон ҚИРҒИЗБОЕВ,
туман бош имом хатиби.

