ДИЛДА ШУКРОНА, ЮЗДА ҚУВОНЧ
Аввал хабар берганимиздек, туманимиздан ҳам 50 нафар ҳамюртимиз муборак Ҳаж зиёратига жўнаб кетган эди. 17 сентябрь куни уларни Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида кутиб олинди. Бу маросимда туман ҳокими Абдуғани Турдиев, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
-Ўғлим билан бирга муборак Ҳаж зиёратига бориш насиб этди, -дейди таълим фахрийси Шарофатхон Расулова. -Бугунги кунни биз жуда орзиқиб кутган эдик. Орзуларимиз ушалганидан, Ҳаж амалларини эмин-эркин адо қилиш насиб этганидан бағоят хурсандмиз. Бориб-келишимиз давомида бизга кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликлар учун Юртбошимизга, шу хайрли иш бошида турганларнинг барчасига чин кўнгилдан миннатдорчилик билдирамиз. Қуёшли заминимизни, меҳр-оқибатли халқимизни Яратганнинг ўзи асрасин. Тинчлигимиз, мустақиллигимиз абадий бўлсин.
Ҳожи ота ва оналар дуога қўл очиб, бугунги саодатли кунларга шукроналар келтиришди. Уларни оила аъзолари ва яқинлари қувонч билан қарши олдилар.

