ЮРГАН ДАРЁ…
Мустақиллик байрамининг 26 йиллиги арафаси. Туманимиз раҳбари нуронийлардан бир гуруҳини қабул қилиб, бугунги ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этаётганликлари учун самимий миннатдорчилик билдирди ва мамнунлик билан шундай деди: «Тез орада Сизларга яна бир янгилигимиз бор. Қишлоқ хўжалигида туну кун ёнимизда туриб, бой ҳаётий тажрибасини эринмай ўргатиб келаётган фахрийларга қўлимиз кўксимизда, таъзимдамиз. Сизларнинг озгина бўлса ҳам кўнглингизни кўтаролсак, фидойи меҳнатларингизни қадрлай олсак, биз мақсадимизга эришган бўлардик. «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон ака Исматиллаев бошчиликларида ўн икки нафар фахрийнинг муқаддас қадамжоларга, қадимий шаҳарларга саёҳатини уюштиряпмиз. Сизларнинг ҳам саёҳат, ҳам зиёратингиз туманимизга файз, барча қилаётган хайрли ишларимизга барака олиб келишига ишонаман».
Бугун мамлакатимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор, улар учун яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар бежиз эмас. Муҳтарам Юртбошимизнинг «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳаётбахш Фармони бугун амалга оширилаётган эзгу ишларнинг барчасига қанот бўлди. Алоҳида «Нуронийлар маскани» ташкил этилаётгани, у ерда кутубхона, шахмат, шашка ўйнаш учун дам олиш хоналари, кексалар учун махсус тренажёрлар билан жиҳозланган даволаш-жисмоний тарбия заллари бўлиши зарурлиги айни муддаодир.
Ниҳоят, орзиқиб кутилган кун етиб келди. 11 сентябрь эрта тонгда сафар тадориги бошланди. Саёҳатга жўнаётганлар, асосан, қариялар бўлгани боис уларнинг хотиржам боришлари, узоқ йўлда чарчаб қолмасликлари учун замонавий, қулайликка эга бўлган тўртта енгил автомашина ажратилди.
-Саёҳатимиз тўрт кун, -деди гуруҳ раҳбари Тоҳиржон ака қўлидаги тадбир режага ишора қилиб. -Биринчи ташрифни Имом ал-Бухорий зиёратгоҳидан бошлаймиз.
Тоҳиржон ака Исматиллаев куюнчак, жонсарак, ишига пухта раҳбар эканига яна бир бор ишонч қилдим. Эринмай саёҳат дастурини-ю кунлик тартибни қоғозга тушириб, тасдиқлатиб олибдилар. «Саёҳатимиз режали ўтиши учун шундай қилдим, вилоят билан ҳам келишдим. Мақсад вақтдан унумли фойдаланиб, кўпроқ зиёрат қилиш», -дейди Тоҳиржон ака менга изоҳ бериб.
«Юрган дарё, ўтирган бўйра», -дейди доно халқимиз. Дарҳақиқат, узоқ йўл давомида юртимизда бўлаётган улкан ўзгаришлар худди кинолентадай кўз олдингдан ўтиб боради. Маҳобатли бинолар, улкан иншоотлар, янги тураржойлар, савдо ва маиший хизмат уйлари, тантаналар мажмуалари, ошхоналар, хиёбонлар, қўйингчи, санаб адоғига етиб бўлмайди.
Кўҳна ва навқирон Самарқанд, Бухоро, Навоий шаҳарлари, азим пойтахт Тошкент бўйлаб саёҳат давомида Биринчи Президентимиз камолга етган ва мангу ором топган Самарқанд шаҳридаги Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ҳайкали, туғилиб ўсган хонадонлари, Имом ал-Бухорий, хожагон-нақшанбандия тариқати асосчилари Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Муҳаммад Ориф ар Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд каби етти пири комиллар, «Нурота» зиёратгоҳларига, Мирзо Улуғбек музей мажмуасига ташриф буюрилди. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида жонлиқ сўйилди. Бухоро туманидаги «Ўктам Иброҳим Тўқли» фермер хўжалигида истиқболли пахта навлари ҳақида фикр алмашилди.
Саёҳат иштирокчилари – қишлоқ хўжалги фахрийлари Фазлиддин Турғунов, Маҳмудилло Юнусов, Маҳаммаджон Иброҳимов, Маҳаммаджон Аҳмадалиев, Тоҳиржон Собиров, Неъматжон Набиев, Маҳаммадиброҳим Тошпўлатов, Алишер Ғозиев, фаоллардан Исроил Солиев, Бахтиёр Нишоновлар бир олам таассуротлар билан қайтишганини айтишди.
-Бундан икки ой олдин Самарқандда бўлган эдим,- дейди Маҳаммаджон Аҳмадалиев. -Қисқа даврда бу ерда амалга оширилган ва давом этаётган қурилишлар, ободонлаштириш ишларини кўриб, ҳайратландим. Давлатимиз қанчалик қудратли, кучли ва халқимиз маънавий жиҳатдан бой эканлигини яна бир бор дилдан ҳис этдим.
Нуронийларимиз вакиллари сафар давомида кўплаб эзгу тилаклар билдиришди, юртимизга тинчлик, фаровонлик, шу жумладан, туманимизга ҳам қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда юқори натижаларга эришилишини тилаб, дуолар қилишди.
Муҳаммад АЛИ.

