ҲАМКОРЛИККА ТУРТКИ БЎЛАДИ
«Ойнаи жаҳон» орқали муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида сўзлаган нутқларини тинглар эканман, қалбимни чексиз ифтихор ва ғурур ҳисси чулғади.
Кўп миллатли ўзбек халқи номидан қилинган ушбу маъруза бутун дунё ҳамжамиятини ҳам бефарқ қолдирмади. Президентимиз томонидан мамлакатимизда барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилаётганлигига барчанинг эътибори қаратилди.
Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётганлиги, ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдорлиги алоҳида таъкидланди.
Мазкур масалада мамлакатимиз раҳбари умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш масаласига эътибор қаратиб, БМТ Бош котибининг «Сув, тинчлик ва хавфсизлик муаммолари ўзаро чамбарчас боғлиқ» деган позициясини тўла қўллаб-қувватладилар. Шу ўринда Орол фожиаси акс эттирилган хаританинг намойиш қилиниши иштирокчилар диққат-эътиборининг ушбу масалага қаратилишига туртки бўлди.
Ўйлайманки, Президентимиз томонидан кўтарилган шу ва бошқа бир қатор муаммолар, уларнинг ечимига доир таклифлар бугун инсониятнинг порлоқ эртаси учун куйиб-ёнаётган ҳеч бир шахсни бефарқ қолдирмайди. Улар, албатта, юқоридаги муаммолар ечимида ҳамкорлик ва ўзаро алоқа ўрнатиш таклифини илгари сурадилар. Яқин келажакда ўзаро манфаатли алоқалар ва уларнинг самарасини кўришимизга ишончим комил.
Абдулаҳад АБДУРАҲМОНОВ,
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

