БИЛИМЛАР БОЙИТИЛДИ
Сентябрь – география ва иқтисодий билим асослари фанлари ойлиги доирасида масканимизда фан ўқитувчилари Феруза Мўйдинова, Феруза Муҳиддинова, Обидхон Пўлатов, Исломжон Мўйдиновлар томонидан тадбирлар, очиқ дарслар ташкил этилди. 7-синф ўқувчилари ўртасидаги «Биз географияни ўрганамиз» танловида 7-«Г» синф билимдонлари ғолиб бўлишди. 6-8-синфлар ўқувчилари ўртасида расмлар танлови, «Буюк аждодлар диёри», «Табиатни асранг!», «Дунё мамлакатлари» тадбирлари ташкил этилди. 5, 7, 8-синфларда «Қуёш, ой ва юлдузлар», «Географик хариталар ва улардан фойдаланиш», «Ўзбекистоннинг табиий бойликлари ва табиий шароити» мавзуларида очиқ дарслар ўтилди. Фан ойлиги ўқувчиларнинг билимларини янада бойитишга хизмат қилди.
Умида НАЖМИДДИНОВА,
3-мактаб ўқитувчиси.
***
Билим масканимизда география ва иқтисодий билим асослари фанлари ойлиги уюшқоқликда ташкил этилди. Бунда, фан ўқитувчиси Ш.Ҳожимирзаев, ўқувчилар фаол қатнашдилар. Ҳар куни эрталабки сафланишда 6, 7, 9-синфлар ўқувчиларидан Сирожиддин Қосимжонов, Ойбек Аббосов, Мадина Мамадалиева, Назокат Турсунпўлатовалар томонидан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мавзуларида маърузалар ўқилди. Маърузаларда Ўзбекистоннинг гўзал табиати, суви, майдони, аҳолиси, табиий бойликлари, саноати, қишлоқ хўжалиги ҳақида бир қатор маълумотлар берилди. 7-синф ўқувчилари ўртасидаги «Ёш геологлар» беллашуви қизиқарли ва эсда қоларли бўлди.
Зебо ИБРОҲИМОВА,
26-мактаб ўқувчиси.
***
Мактабимизда фан ойлиги муносабати билан «Мен дунёни англайман» мавзусида тадбир уюштирилди. Ватан, она сайёра, география мадҳи ҳамда «Ўқитувчи ва мураббийлар куни»га бағишланган бадиий чиқишлар, саҳна кўринишлари тадбирда иштирок этганларда унутилмас таассуротлар қолдирди. Ўқувчиларнинг устозларни улуғловчи шеър ва қўшиқлари тадбир мазмунини янада бойитди.
Ҳуснида ХЎЖАҚУЛОВА,
22-мактаб ўқитувчиси.

