ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ – БОШ МЕЗОН
Ҳозирда Ўзбекистон кескин суръатларда ривожланиб бормоқда. Бу ривожланиш ҳар бир соҳада намоён бўляпти. Жумладан, таълим соҳасида ҳам жуда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 187-сонли қарорига асосан, умумий ўрта таълим мактабларида янги Давлат таълим стандарти жорий қилинди. Бу йилги ўқув жараёнлари янгиланган Давлат таълим стандартлари бўйича олиб борилмоқда. Янги ДТС бўйича компетенциявий дарсларни ташкил қилиш, ўқувчилар олган билимларини амалда қўллай олиш талаблари қўйилмоқда. Янги ДТС бўйича ўқувчилар бошланғич синфларда компетенциянинг А1 ва юқори синфларда А2 даражада эгаллашлари лозим. Ҳар бир ўқувчи олган билимини мукаммал тарзда тушуниши ва уни ҳаёт билан боғлай олиши керак.
Компетенциявий дарсларнинг афзаллик томони шундаки, аввал ўқувчиларга билим, кўникма ва малака берар эдик. Энди ўқувчилар олган билим, кўникма ва малакаларини инновацион технологиялар ёрдамида эгаллашлари учун кенг имкониятлар белгиланмоқда. Масалан, 7-синф адабиёт дарсида Саида Зуннунованинг ҳаёти ва ижодини чуқурлаштирилган тарзда ўқувчиларга таништириш учун улар билан дарснинг ўзидаёқ адибанинг ҳаёти ёки ижод фаолияти акс этадиган образини яратишимиз мумкин. Ўзбек аёлларининг бардош ва матонат тимсоли акс этган «Сурат билан суҳбат» достонини амалий тарзда, достондан бирор бир парчани саҳна-лаштириш орқали етказилса, ўқувчилар бу асарни теранроқ англайдилар. Бу, ўз навбатида, уларнинг мазкур достон бўйича чуқур билим ва кўникма ҳосил қилишларига ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтганда, дарсни бундай усулда ташкил этиш ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини ўстириш билан биргаликда уларнинг дарс давомида олган билимларини амалда қўллай олиш кўникмаларини янада шакллантиради. Ўқувчиларга сифатли таълим бериш бизнинг бош вазифамиз саналади. Ҳар бир ўқувчи ўсиб келаётган ёш ниҳолдир. Ниҳолни қайси томонга қараб эгсанг, ўша томонга қараб ўсади. Уларни жамиятга нафи тегадиган инсонлар қилиб тарбияласак, биз олдимизга қўйган вазифаларни адо этган бўламиз. Зеро, «Бир соат билим бериш бир кунлик ибодатга тенгдир». Шунинг учун мазкур ўқув йилининг шиори «Сифатли таълим-тарбия – бош мезонимиз» деб номланган.
Дилноза ОРИФБОЕВА,
23-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

