УСТОЗЛАР ЭЪЗОЗЛАНГАН ЗАМИН
Юртимизда ҳар бир касб эгасининг байрам кунлари белгиланган. «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» алоҳида умумхалқ байрами сифатида кенг миқёсда нишонланади. Бу кунни нишонлаш фақатгина республикамиз мустақил бўлгандагина, умумхалқ байрамига айланди. Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг етук раҳбарлик салоҳияти туфайли кенг жамоатчилик, миллионлаб ўқувчилар ва ота-оналар кўз ўнгида устоз ва мураббийларимизни улуғлаб, ҳар йили 1 октябрь санасида ушбу байрамни тантанали ўтказишни йўлга қўйдилар. «Мактаб деган улуғ даргоҳнинг инсон ва жамият тараққиётидаги ҳиссаси ва таъсирини нафақат ёшларимиз, балки бутун халқимиз келажагини ҳал қиладиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди», -деган эди Ислом Абдуғаниевич ўзининг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида. Азалдан макон ва замон, инсон ва жамият ўртасидаги муносабатларни шаклланти-ришга хизмат қилувчи эзгу тушунчалар силсиласида муаллимлик иши доимо юксак ва қадрли бўлиб келган.
Мен 35 йилдан ортиқроқ вақт давомида маориф соҳасининг турли жабҳаларида меҳнат қилиб келганман. Собиқ шўролар даврининг 1975-1985 йилларида ҳаттоки бу байрамни пахта майдонларида номига ўтказиб келинган. Кечагидек эсимда, туман халқ таълими бўлими мудири вазифасида ишлаётган вақтларимда 1975 йилнинг 6 октябрь куни Ўқитувчилар куни деб белгиланган эди. Ўша вақтлардаги вилоят ҳокимининг ўринбосарларидан бири (кўп йил таълим тизимида ишлаб чиққан) туманга бириктирилган бўлиб, пахта масаласида ҳар куни кеч соат 23, 24 ларда муҳокама йиғилиш қилар эди. Шу куни на туманнинг биринчи раҳбари, на таълим соҳасининг мутасаддиси, на вилоятдан бириктирилган вакилнинг ушбу байрам билан табриклаш хаёлига ҳам келмаган.
1983 йилда Ўзбекистон халқ таълими министри Норин туманидаги 11-ўрта мактабга ташриф буюрган. У ерда бошланғич синф ўқитувчиси Абдураззоқ Шералиевнинг дарсини назорат қилиб, офарин ва раҳматлар айтган, ушбу ўқитувчини министрнинг илтимосига кўра ҳар 4 йилда бир марта ўтказиладиган Ўзбекистон ўқитувчиларининг 6-съездига делегат сифатида сайланган. Ушбу съездда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” унвони топширилган. Албатта, ушбу унвон ва мартабаларга ўзининг меҳнати, салоҳияти ва билими туфайли эришган.
Шукроналар бўлсинки, биз шундай гўзал ва бетакрор инсонларнинг олий қадриятларини эъзозлайдиган юртда яшамоқдамиз. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонларидан ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз деганлари, бундай масъулиятни ва шарафни сиз, азиз устоз ва мураббийларга ишонч билдирганлари намунасидир.
Зеро, буюк бобомиз Алишер Навоий:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо унинг ҳаққин юз ганж ила
сатрларида масъулиятли ва шарафли касб эгалари меҳнатига муносиб баҳо берган бўлсалар керак.
Ушбу айём арафасида туманимизда кўп йиллар фидокорона меҳнат қилган фахрий устоз ва мураббийлар Долимжон Раззоқов, Юсуфжон Болтабоев, Ўғилхон Йўлдошева, Клара Жалилова, Абдуғани Мўминов, Сайфиддин Мирзабоев, Ҳайитбой Режаббоев, Жўрабой Боймирзаев, Турсунбой Бойхонов, Қозоқбой Раҳмонов, Қўчқорбой Қосимовларни яна бир бор ёдга олишни жоиз деб топдим.
Азиз устозлар, мўътабар мураббийлар! Барчангизни қутлуғ айём – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Фарзанд ва шогирдларингиз бахту камолини кўриш доимо сизларга насиб этсин. Машаққатли ва шарафли касбингизда улкан ютуқлар, хонадонингизга доимо хотиржамлик ва барчангизга сиҳат-саломатлик тилаб қоламан.
Эркинбой ҳожи АҲМЕДОВ,
меҳнат фахрийси.

