ХАЛҚ ИШОНЧИ – ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ

Ўтган пайшанба куни Дўстлик МФЙ биносида маҳалла аҳолиси ўртасида очиқ мулоқот тарзидаги ўқув семинари бўлди. Уни жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси Ж.Маъмуров олиб борди.

Тадбирда бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жинояти, унинг келиб чиқиш омиллари мавзуси кўтарилди.

Жамият ривожлангани сари, маълум бир тоифадаги жиноятлар ҳам кўпайиб боради. Шулардан бири, шубҳасиз, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлардир.

Гиёҳвандлик бутун дунёда кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган энг долзарб муаммолардан ҳисобланади. Зеро, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси жуда юқоридир. Наркотик ва психотроп моддаларни истеъмол қилишнинг ортиши биринчи ўринда оғир касалликлар ва жиноятларнинг кўпайишига олиб келади.

-Гиёҳвандлик жиноятчилик билан боғлиқ ҳодисадир, -деди маърузачи ўз сўзида. -Чунки, биринчидан, наркотикларни қўлга киритиш ёки уларнинг олдини олиш учун пул топиш мақсадида оғир оқибатли қасддан жиноятлар содир этилади. Иккинчидан, наркотик моддаларни қабул қилиш таъсири остида тез-тез жиноятлар келиб чиқади. Ниҳоят, гиёҳвандлик ва жиноятчилик ўртасидаги боғлиқлик гиёҳвандлик моддаларининг ноқо-нуний айланиши оқибатида юзага келадиган ҳуқуқбузарлик ҳаракатларининг содир этилишида намоён бўлади.

Ж.Маъмуров туманимизда кейинги 3 йилда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларнинг таҳлилига эътибор қаратиб, кейинги йилларда бу тоифадаги жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ўсиб бораётгани ташвишга солишини таъкидлади, ушбу хавфли иллатга қарши аҳолининг барча қатламини бирдек курашишга чақирди.

***

Шу куни жиноят ишлари бўйича туман судининг очиқ сайёр суди мажлиси бўлиб ўтди. Унда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган 8 нафар ҳамюртимизнинг иши қайта кўриб чиқилди. Жазони ўташ даврида намунали хулқи билан ўзини кўрсата олган, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, кейинги ҳаётида эл-юрт равнақи йўлида меҳнат қилишга астойдил киришган ушбу фуқаролар муддатидан олдин жазодан озод қилинди.

Суд жараёнида қатнашган туман ИИБ вакиллари, ўзини ўзи бошқариш органлари мутасаддилари жазодан озод этилган шахсларга давлатимиз ва халқимиз томонидан билдирилган ишонч ва эътибордан тўғри хулоса чиқариб, жамиятнинг фаол кишилари қаторида ҳаёт кечиришга чақирдилар.

Абдулҳаким НИШОНОВ.