ЁШЛАРДА МАЪНАВИЙ ИММУНИТЕТНИ ОШИРАЙЛИК
Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, интернетнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти шиддат билан ошиб бормоқда. Бугун барча-барча соҳаларда глобал тармоқнинг чек-чегарасиз имкониятларини ҳисобга олмаслик, ундан фойдаланмаслик замондан орқада қолиш, деганидир. Ижтимоий тармоқлар эса интернет оламининг ажралмас бир бўлаги. Улардан кўпчилик фойдаланади. Ҳисоб-китобларга қараганда, бугунги кунда дунёда ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сони 3 миллиарддан ошгани бунинг яққол исботидир.
Аслида ижтимоий тармоқларнинг асосий вазифаси улар эндигина ташкил этилаётган пайтларда одамларга узоқдаги таниши билан алоқа қилиш, улар ўртасида ўзаро онлайн мулоқотни йўлга қўйиш эди. Бироқ бугун уларнинг функциялари тобора кенгайиб бормоқда.
Ҳамма нарсанинг яхши ва ёмон жиҳатлари бўлганидек, «ўргимчак тўри» – интернетнинг ҳам ўзига яраша салбий томонлари анчагина. Бошқача айтганда, юксак тараққиёт даври, дея эътироф этилаётган бугунги замон, ўз навбатида, айрим иллатларга йўл очиб бераётгани ҳам ҳеч биримизга сир эмас. Таъбир жоиз бўлса, айни вақтда интер-нет сайтларида тинч ва осуда ҳаёт кечираётган одамлар, халқлар орасига қутқу соладиган, ёш авлод дунёқарашига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотлар тарқатиш, ёвузлик ва беҳаёликни тарғиб қиладиган лавҳаларни жойлаштиришдек номақбул ишлар кенг қулоч ёйган.
Таъкидлаш жоиз, айни вақтда интернет-кафеларнинг асосий мижозлари ўсмирлар саналади. Интернетдан муттасил фойдаланувчиларнинг катта қисми ҳам шу қатламга мансуб. Шундай экан, уларни туб замирида моддий манфаат ётган, бузғунчи ғоялар яширинган, аллақандай тўда ва гуруҳлар ғояларини тарғиб қилишга йўналтирилган ахборотлардан ҳимоя қилиш ғоят муҳим. Афсуски, бундай маълумот ва ахборотларни тўлақонли чеклашнинг техник имкони йўқ. Бунинг бирдан-бир йўли шуки, интернетдан фойдаланувчиларнинг ўзлари ҳар қандай маълумотни холис ё нохолислиги ва аслида ундан қандай мақсадлар кўзланганини англаши керак. Яъни, интернет, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда миллий менталитет, шарқона тарбия ёшларимизга маёқ бўлиши, ўз ўрнида Ватан манфаатларини ҳам унутмаслик шарт.
Хуллас, интернетни тарози палласига қўйганда, ундаги фойдали ва зарарли жиҳатларнинг қай бири тош босиши ёшларимизни қандай назорат қилишимизга, бу балодан уларни қандай йўллар билан ҳимоя этишимизга боғлиқ. Зеро, бунда ёш авлодни одоб-ахлоқли, оқ-қорани ажрата оладиган қилиб тарбиялаш жуда муҳим. Шу боис барча бу ишга жиддий ёндашиши, доим ҳушёр ва сергак бўлиши даркор.
Ижтимоий тармоқларнинг фойдаси қанчалик кўп бўлса, зарари ундан ўн чандон зиёда. Лекин ундан фойдаланишни чеклашнинг имкони йўқ. Шу боис, айниқса, ёшларимизда маънавий иммунитетни шакллантириш жуда муҳим ва бу жамият учун ҳам фойдали амалиёт. Ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, олиб бораётган тарғибот ишларимизда ижтимоий тармоқларнинг фойда-ю зиёнини аниқ кўрсатиб бера олсак, бу кутилган самарадорликка эришишда муҳим омил бўлади.
Гулноза ХЎЖАЕВА,
7-мактаб ўқитувчиси.

