АВТОЙЎЛДАГИ БЕПАРВОЛИК

Кўча-кўйда кишилар йўлиқадиган фалокатлар, асосан, йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ. Чунки автоулов рулига ўтирган ҳайдовчи кўп ҳолларда ҳушёрликни унутиб қўяди, транспортни бошқаришда масъулиятни ёддан чиқаради.

Наманган – Учқўрғон автомагистраль йўлида ҳаракатланиб бораётган Р.М.нинг бепарволиги оқибатида кўнгилсизлик юзага келди. Бошқарувидаги «Дамас» тезлигини меъёридан ошириб юборган Р.М. беихтиёр қарама-қарши қатнов йўли томонга ўтиб қолганини сезмай қолди. У вазиятни ўнглаб улгурмасдан, қаршисидаги транспорт билан тўқнашиб кетди. Натижада «ВАЗ-2106» русумли автомашинадаги эр-хотин тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди.

Йўқ жойдан ўз бошига сотиб олган бу бало Р.М.га талай нохушликлар олиб келди. Биринчидан, ҳар икки оиланинг тинчи бузилди, ҳаловати йўқолди. Иккинчидан, жарбланувчиларга келтирилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун Р.М. анчагина югур-югур қилди, тер тўкди. Ниҳоят, ушбу бепарволик Р.М.ни суд залига етаклаб келди. Ҳайриятки, юзага келган вазиятни атрофлича ўрганиб чиққан, жабрланувчилар кечиришгани ва ўзаро ярашув ҳақида ихтиёрий ариза ёзиб, тақдим этишганини инобатга олган жиноят ишлари бўйича туман суди айбланувчи Р.М.га нисбатан қўзғатилган жиноят ишини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 661-моддасига асосан ҳаракатдан тугатди.

Суд ушбу қарори билан Р.М.га яна бир бор имконият берди. Қаҳрамонимиз ҳаётида рўй берган ушбу нохуш вазиятдан барча автоулов эгалари тўғри хулоса чиқарадилар, деган умиддамиз.

Исроилжон ОРТИҚОВ,

туман прокурорининг катта ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.