ПАХТА ТЕРИШ ҚАЛБ АМРИ БЎЛСИН
Биз пахтага чиқишни 4-синфдан бошлаганмиз. Ноябрнинг илк кунларидан кузги таътил бошланган, 4-синф ўқувчилари эса мактаб ҳовлисида кўсак тозалаганди. Ўшанда биздан юқори синфлар далага чиқишарди. Ўзимиз ҳам 5-синфдан далада пахта терганмиз. Табиийки, мактабни битиргунимизча ўртада узилиш бўлмаган. Ўша пайтларда 11 ёшли боланинг пахта теришига оддий ҳол сифатида қараларди. «Болалар меҳнати» деган гаплар кейинроқ юзага чиқди.
Бола эканмиз, дарс бўлмасдан пахта терганимизга хурсанд эдик. Аммо иссиқ кунларда бошланган пахта терими совуқ тушганда ҳам давом этар, охирги теримда арзимаган икки-уч кило териш учун эрта тонгдан кун ботгунча дала кезардик, оёқ ости эса лой, зах бўларди. Сўнгра қолиб кетган дарсларни ўзлаштиришимиз учун бир кунда иккитадан мавзуни ўрганишимизга тўғри келарди.
Ҳозир замон бошқача. Бугунги болаларнинг бахти бор экан: энди мактаб ўқувчилари пахтага чиқмайди. Пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш қонунан тақиқланади. Биз бугун демократик тузумда яшаймиз. Ҳамма эркин меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. Эркинлик борасида биз ғарбдан бир қадам олдинга илгарилаб ҳам кетдик. Бугун ҳамюртларимиз ўз хоҳишлари билан пахтага чиқишмоқда. «Миллий бойлигимиз»ни нест-нобуд қилмасдан, ёғингарчиликка қолдирмасдан, ўз вақтида териб олиш йўлида олий ватанпарварлик намунасини кўрсатмоқдалар…
Ривожланишимизнинг стратегик йўналишларидан бири пахта хом ашёсини экспорт қилиш эмас, балки ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва жаҳон бозорига сотишдан иборат. Агар бунга тўлиқ эришилса, пахтачиликдан олинган йиллик валюта тушумлари ҳозиргига нисбатан 6-7 баравар ошиши мумкин.
Биз масжид имомлари ва ноиблари туманимиз аҳолисидан далаларимизда йиғим-теримни кутиб турган «оқ олтин»имизни нест-нобуд қилмай, тезликда териб олиш учун ёрдамларини аямасликларини сўраб, ҳашарчиларимизни, чевар теримчиларимизни, маҳалла аҳолиси ва ёшлари-мизни мардлар майдони бўлмиш пахтазорга чорлаймиз! Пиру бадавлат, нуроний отахон ва кайвоний онахонларимиздан эса йиғим-терим мавсумида чиройли дуолари билан иштирок этишларини сўраймиз.
Зокирхон қори ЮНУСОВ,
«Худойберди Эшон» жоме масжиди имом ноиби.

