ШАРАФЛИ КАСБ ЭГАЛАРИ

Инсон камолотида унинг қўлига илк бор қалам тутқазган, ҳарф ўргатган, маърифат ва зиё сари етаклаган ўқитувчи ҳамда мураббийларнинг хизмати беқиёс. Борлиқни англаш, илм-фан сирларини эгаллашда барча бирдек бу  шарафли ва масъулиятли касб эгалари кўмагига таянади. Шу боис устозларга бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиром туйғуси киши қалбида умрбод муҳрланади.

30 сентябрь куни туман марказидаги «Танҳо» тантаналар мажмуасида «Ўқитувчи ва мураббийлар куни»га бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Шу куни туман халқ таълими ва касб-ҳунар таълимида фидойилик кўрсатаётган устоз-мураббийлар, меҳнат фахрийларига алоҳида эҳтиром кўрсатилди.

Тантанада туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев иштирок этиб, таълим фидойиларини касб байрамлари билан самимий муборакбод этди. Бир гуруҳ соҳа илғорларига туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг дипломлари, «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси» нишонлари, вилоят халқ таълими бошқармаси, туман халқ таълими МФМТТЭ бўлимининг фахрий ёрлиқлари, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашининг ҳамда ҳомийларнинг эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.

Байрам тадбирида туман халқ таълими МФМТТЭ бўлими мудири Ҳусниддин Маҳмудов, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Мирзамаҳмуд Тўхтабоев, байрам бўсағасида «Шуҳрат» медали билан тақдирланган 5-мактабнинг иқтисодий билим асослари фани ўқитувчиси Марҳабо Нуриддинова, 26-мактаб директори Каримжон Болтабоев, 2-МТМ мудираси Саидахон Долиева, Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежи директори Абдумажид Отабоев, туман Кенгаши депутати Ҳасанбой Онорбаевлар эзгу тилаклар билдиришди.

Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар барчага завқ-шавқ улашди.