ЁШЛАР СИЁСАТИГА ОИД АНИҚ ТАКЛИФЛАР

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи бугунги кунда минтақа давлатлари, қолаверса, дунё аҳлини ташвишга солаётган глобал муаммолар ва уларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айниқса, юртимизда ёшлар билан боғлиқ масалаларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани ва аниқ стратегияга асосланган таклифлар халқаро ҳамжамият диққат марказида бўлди.

Президентимиз ушбу нуфузли тадбирда ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш долзарб вазифа эканлигини қайд этди. Шунингдек, ёшларни турли таҳдидлардан ҳимоялаш баробарида уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди ва бу ташаббус иштирокчилар томонидан тўла қўллаб-қувватланди.

Эътироф этиш жоиз, мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. У Бош Қомусимиз ва кўплаб қонунларда ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжат ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан юртимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилгани ва 30 июнь санаси – Ёшлар куни деб эълон қилиниши ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди, десак айни ҳақиқатдир. Ушбу ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Президент қарори билан тасдиқланган ёшларга доир сиёсат борасидаги барча мақсадларни ўзида акс эттирган Дастурда ёшларни масъулиятли лавозимлар захирасига киритиш, олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш, имконияти чекланган йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ёшлар клуби»ни ташкил этиш сингари ғоят муҳим ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга ошириш белгилангани эътиборга молик жиҳатлардандир.

Анвар РАҲМОНОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими катта суриштирувчиси.