БОЛАЛАРГА КИТОБ БЕРИНГ
Бугунги кунда жаҳоннинг турли мамлакатларида келажак авлоднинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий бойлигини шакллантиришда китобнинг моҳияти ва аҳамияти қанчалик юқори экани тарғиб қилинмоқда. Кун давомида турли танловлар, китоб кўргазмалари, конференциялар, фестиваллар ва энг яхши болалар асарларига бағишланган тадбирлар ташкил этилади. Мазкур тадбирларга жаҳоннинг машҳур эртакнавис адиб ва шоирлари таклиф этилиб, улар ёш китобхонларга ўз асарларидан парчалар ўқиб беришади.
Ҳақиқатан, китоб билан дўстлашиш болани нафақат юксалтиради, балки унга ҳаётни танитади, эзгуликка чорлайди. Китоб – бола олам-ни ўз қарашлари билан кўриши ва атроф-муҳитдаги воқеа-ҳодисаларга онгли ёндашишига кўмаклашади. Халқимизнинг пурмаъно мақолларида айтилганидек, табиатни қуёш иситса, бола қалбини китоб илитади.
Шу ўринда айтиш керакки, ўзбек адабиётида болалар адабиёти ўз ўрнига эга. Бунда Қуддус Муҳаммадий, Пўлат Мўмин, Турсунбой Адашбоев, Худойберди Тўхтабоев сингари адибларимизнинг хизмати катта. Уларнинг ҳар бир шеъри ёхуд насрий асари болалар дилларига жо бўлган.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда адабиёт, матбуот, ноширлик ва ахборот соҳасининг ҳуқуқий асоси яратилди. Бу борада 10 дан ортиқ қонун ва 30 дан ортиқ қонуности ҳужжати қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши шу эзгу ишларни янги босқичга кўтарди, десак муболаға бўлмайди.
Президентимиз фармойишида аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда амалий таклифлар тайёрланиши зарурлиги, шунингдек, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, ўзбек ва жаҳон адабиёти ижодкорларининг сара асарларини тўплаш ва таржима қилиш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Бу амалий ишлар, шубҳасиз, ёшларимизнинг таълим-тарбиясини юқори босқичга кўтаради.
Буюк шоир Алишер Навоий айтганидек, «Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи». Шундай экан, болаликнинг олтин давридан катта ҳаёт сари дадил илдамлаётган фарзандларимиз қўлига китоб тутқазайлик. Уларни бу билим хазинасига киришларига кўмак берайлик. Чунки маърифатли ва маънавиятли инсонларгина ўз Ватанини кўз қорачиғидек асраб, унинг тараққий этишига бор куч ва иродасини бахшида қилади. Ўз ўрнида ёшларнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданияти ҳам тобора юксалади.
Дилоромхон РАСУЛОВА,
23-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

