КОНСТИТУЦИЯ ВА ХАЛҚАРО ҲАЁТ

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати ва халқаро фаолияти Бош қомусимизда белгиланган норма ва принципларга, «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги, «Мудофаа тўғрисида»ги Қонунларга, Ҳарбий доктринага, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг принцип ва мақсадларига, шунингдек, Олий Мажлис томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар ва битимлардан келиб чиқадиган мажбуриятларга асосланади.

Бош қомусимизга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат ва халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин.

Конституциянинг 17-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини қўлга киритиши биланоқ дунёдаги барча мамлакатлар билан ўзаро икки ҳамда кўп томонлама муносабатларини белгилашда биринчи навбатда тинчликпарварлик тамойилига амал қиладиган ички ва ташқи сиёсат юритишини жаҳонга маълум қилган эди. Чунки тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурган мамлакатдагина фаровон ҳаёт ва ободлик учун интилиш, эзгу режаларни амалга ошириш иштиёқи ҳамда имкониятлари юзага келади. Хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, турли таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши кураш масаласи долзарб аҳамият касб этаётган бугунги кунда ушбу ҳаётий ҳақиқатнинг қадр-қиммати янада юксак ва теран мазмунга эга.

Ташқи сиёсий фаолият концепциясига кўра, Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларига, фаровонлиги ва хавфсизлигига, мамлакатни модернизация қилишнинг устувор йўналишларига, амалдаги миллий қонунчилик ҳамда қабул қилинган халқаро мажбуриятларга амал қилган ҳолда иттифоқлар тузиш, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириш, шунингдек, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Шунингдек, тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, улардан  чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Албатта, Ўзбекистон ҳукумати томонидан тинчликпарвар ички ва ташқи сиёсатнинг тарғиб этилишида қатор тарихий, ғоявий-маънавий асослар мавжуд. Меҳнаткаш, бағрикенг, кўп миллатли Ўзбекистон халқи узоқ ўтмиш силсиласида эришган маънавий қадриятлари негизида осойишталикнинг аҳамияти беқиёс. Барқарор тараққиётнинг узлуксиз таъминланиши учун эса халқаро саҳнада тинчликни қўллаб-қувватлаш долзарб масала эканини барчамиз яхши биламиз.

Зеро, дунёнинг айрим нуқталарида ХХ асрнинг сўнгги чораги ва ҳатто ҳозиргача давом этиб келаётган, жумладан, бизга яқин Афғонистонда юзага келган беқарор вазият жаҳон ҳамжамиятидан бу масалаларга ўта жиддий ва ҳушёрлик билан эътибор қаратишни, уларнинг ечимини топишда оқилона йўл тутишни тақозо этади. Аҳамиятли томони, Ўзбекистон бу борада қатор таклифлар билан чиқиб келмоқда. Марказий Осиёнинг ядро қуролидан холи ҳудудга айлантирилиши, Афғонистон бўйича Тошкент музокаралари, минтақанинг келгусидаги хавфсизлик архитектураси мустаҳкамланишида бу ташаббуслар муҳим амалий аҳамиятга эга. Хусусан, афғон муаммосини фақат ҳарбий йўл билан ечиб бўлмаслиги ва бу можарони сиёсий воситалар билан ҳал этиш учун аввалдан фаолият юритиб келаётган мулоқот гуруҳини «6+3» гуруҳига айлантириш таклифи ҳам НАТОнинг 2008 йилда Бухарестдаги саммитида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан билдирилган, сиёсий доираларда қизғин қўллаб-қувватланганди. Янги форматдаги ушбу гуруҳга Афғонистон билан қўшни давлатлар, АҚШ ва Россия ҳамда НАТО вакиллари кириши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг асосий вазифаси афғон муаммосини сиёсий, яъни дипломатик воситалар билан ҳал этиш йўлларини излаб топишга қаратилди. Ҳолбуки, бугунги кунда афғон муаммосини қурол билан ҳал этиб бўлмаслигини реал фикрлайдиган ҳар бир инсон тушуниб етмаслиги мумкин эмас.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ўзаро ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро майдонда ўзаро тенглик, хавфсизлик ва ҳамкорлик, инсон манфаатларининг устунлиги принципларини таъминлашга қаратилганки, буларнинг барчаси Бош қомусимизда белгиланган узоқни кўзлаган ҳаётбахш қоидаларнинг амалдаги ифодасидир.

Отабек ЖЎРАЕВ,

туман прокуратураси терговчиси,

Анвар РАҲМОНОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими катта суриштирувчиси.