БЕФАРҚ БЎЛМАЙЛИК

Аллоҳ томонидан инсонга берилган неъматлар ичида энг улуғларидан бири фарзанд ҳисобланади. Шу боис ота-она фарзандини асраб-авайлайди, унга меҳр-муҳаббатини, умрини бахшида этади.

Ҳар қандай ота-она фарзандининг бахт-иқболини, камолини кўришни ният қилади, уларга чиройли тарбия беришга, комил инсон қилиб вояга етказишга интилади. Фарзанд тарбияси хусусида сўз кетганда, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қуйидаги фикрларини таъкидламоқ ўринлидир: «Биз соғлом авлодни тарбиялаб, вояга етказишимиз керак. Соғлом киши деганда фақат жисмоний соғлом эмас, балки шарқона одоб-ахлоқ ва умумбашарий ғоялар руҳида камол топган инсонни тушунамиз».

Қайсидир оилада ёки маҳаллада фарзандлар, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилса, ўша оилада, масканда тинчлик ҳукм суради, ўша ер обод гўшалардан бирига айланади. Жамият равнақи учун хизмат қиладиган билимли, солиҳ ва солиҳа фарзандлар камол топади.

Фарзанд тарбияси масаласига ислом динида ҳам энг муҳим вазифалардан бири сифатида қаралади. Демак, тарбия ниҳоятда муҳим ва асло кечиктириб бўлмайдиган, масъулиятли иш эканлигини ҳис этган ҳолда ота-оналар фарзандларининг тарбиясига жиддий эътибор беришлари, ҳар қандай шароитда ҳам зурриётлари тарбияси билан шуғулланишга вақт топишлари керак.

Айниқса, интернет ва бошқа ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган бугунги кунда болалар тарбиясига янада эътиборли бўлиш талаб этилади. Уларнинг бўш вақтлари мазмунли ўтиши, ўзлари қизиққан машғулотлар, спорт турлари, касб-ҳунар билан шуғулланишларига етарли даражада имкон ва шароит яратиб беришлик ота-онанинг зиммасига юкланади. Шунингдек, фарзандларни беҳуда вақт ўтказишларига, бузғунчи гуруҳлар, ёт ғоялар гирдобига тушиб қолмасликлари учун зарур чораларни кўриш, уларни доимий назорат қилиб туриш ҳам муҳим. Афсуски, баъзи ота-оналарнинг бепарволиги, фарзандларининг юриш-туришига эътиборсизлиги туфайли айрим ёшлар жиноят кўчасига кириб қолаётганлиги ташвишлидир. Бунинг натижасида ёш йигит-қизлар ўртасида турли ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзага келмоқда. Назоратсиз қолган фарзандларнинг кийинишида, юриш-туришида, гап-сўзларида ўзгариш кузатилади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, одоб-ахлоқига дарз кетади. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ҳар бир ота-онанинг, устоз ва мураббийларнинг, маҳалла, қўйингки, кенг жамоатчиликнинг зиммасидаги бурчдир. Фарзандларимиз ўзимиз хоҳлагандек инсонлар бўлиб камол топиши учун уларнинг тарбиясига эътиборли бўлишимиз лозим.

Инсонни қадрлаш, ҳурмат қилиш сингари қадриятлар азалдан халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Ёш авлодга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳам ана шу азалий қадриятлар давомийлигининг бир намунасидир. Шу боис ҳам барчамиз ана шу имкониятларнинг қадрига етайлик. Фарзандларимизни оқил ва доно қилиб вояга етказайлик.

Муҳаммаджон НИШОНОВ,

меҳнат фахрийси.