ШИЖОАТГА УНДАЙДИ ПАХТАЗОРЛАР
ШИЖОАТГА УНДАЙДИ ПАХТАЗОРЛАР
ОТ ЎРНИНИ ТОЙ БОСАР
Набижон Абдуллаев номли СИУ ҳудудидаги фермерлар туманимизнинг машъалларидан десак муболаға бўлмайди. Боиси пахта мавсуми бошланган илк кунларда – 14 сентябрь куни айни шу ҳудуддан Эркинбой Турғунпўлатов раҳбарлигидаги «Овчибулоқ зар чашмаси» фермер хўжалиги аъзоларидан биринчи бўлиб зафарнома олинди. Бундан икки-уч йил аввал шу ҳудуддаги «Машад соҳибкори» фермер хўжалигидан биринчи бўлиб кетма-кет зафарнома келган. Бу йил ҳам фермерларнинг шашти баланд. Маррани барвақтроқ эгаллаш, кузги-қишки агротехник тадбирларни кечиктирмаслик, келаси йил ҳам мўл ҳосил олиш учун замин яратиш уларнинг асосий мақсади.
Тоҳиржон ака Исматиллаев бугунги кунда Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмасининг раиси. Кўп йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатиб, катта тажриба орттирган. Бугун у бошлаган эзгу ишларни фарзандлари давом эттиришмоқда. Ўғли Зоҳиджон отаси ёнида юриб ер билан «тиллашиш» ҳадисини олди. «Машад соҳибкори» фермер хўжалигининг йиллар давомида эришган ютуқларини мустаҳкамламоқда.
Келбати Алпомишдай бу ёш йигитни кўрган киши раҳбарман деб, меҳнатга эгилмаса керак, дея хаёлидан ўтказиши мумкин. Аммо озгина кузатиб турсангиз, ундаги шижоат, кичик кўнгиллик, камтарликни кўриб, отасининг ўзи-я, дейсиз. Бир қарасангиз шудгор оралаб сувчилар билан юрган, бир қарасангиз кўп пахта териб, кўтаролмай турган аёллар пахтасини хирмонга олиб келаётган ёки аъзоларини қийналмасин, деб транспортида ташиб кетаётган…
16 октябрь куни қувончли хабар келди: «Машад соҳибкори» фермер хўжалиги пахтакорлари зафар қучдилар. 24,9 гектар майдонга экилган «С 82 86» элита навидан мўл ҳосил олинди. 99,6 ўрнига 101 тонна «оқ олтин» топширилиб, шартномавий режа бажарилди. Шундан 45 тоннаси уруғлик пахта. Ҳосилдорлик 40 центнердан ошди. Энг асосийси, ҳосилнинг асосий қисми юқори навларга топширилди, 197 миллион сўмдан ортиқ даромад олинди. Терим давомида салкам 42 миллион сўм нақд пул тарқатилди. Аъзолардан Лолахон Шерхонова оила аъзолари билан 21,5 тонна пахта териб берди. Шу боис унга фермер томонидан қимматбаҳо гилам совға қилинди. Шунингдек, жамоа эришган муваффақиятларда «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, сувчи Мамадали Юнусов, механизатор Жалолиддин Дедақўзиев, аъзолардан Саида Султонова, Заҳро Баҳодироваларнинг ҳиссаси катта.
Жамоани ғалаба билан қутлаш учун фермер хўжалигига етиб бордик. Бу ерда туман прокурори Жобирхон Азимов илғорларни қутлаб, эсдалик совғаларини топшираётган экан. Фермер шийпонида тўпланиб турган яқин 30-40 нафар хотин-қиз, ҳашарчининг ҳар бирига совға тегди. Мен фермер Зоҳиджон Исматиллаевдан нега эркаклар рағбатлантирилмади, деб сўрасам: «Ака, мавсум якуни бўйича уларга бир хилда қилиб костюм-шим совға қилмоқчиман», -деди. Қойил-е, фермер дегани шундай бўлибдида.
Ҳамроҳим – туман «Пахта штаби» ишчи гуруҳи раҳбари Бахтиёр Нишонов билан фермер хўжалигидан қайтар эканмиз, туманимизда ана шундай лафзи ҳалол, мард фермерлар сафи янада кенгайишини тиладик.
ОДАМЛАР ҲАЁТИДАН РОЗИ БЎЛСА…
«Қизилравот ирригатор» СИУ ҳудудидаги «Пахтакор Қизилравот» фермер хўжалиги даласидамиз. Пахталар қийғос очилган. Теримчиларнинг ҳам кайфияти чоғ. Биринчи теримда 100-150 килогача пахта терган, кунига 50-75 минг сўмдан нақд пулни тарозининг устида олгандан кейин ишлаганни ҳам, фермернинг ҳам кўнгли ёришадида.
Айнура Исабекова қўшни Қирғизистон Республикасидан Ровотга келин бўлиб тушганига ҳам ўттиз йил тўлибди. Ўзи ўқитувчи. Айни пайтда 45-мактабда директор. Ташаббускор, ташкилотчи, билимли, маданиятли аёл. Буни у раҳбар бўлган мактаб эшигидан кирибоқ, сезасиз. Мактаб ҳовлиси покиза, анвойи гуллар очилиб, кўзларни қувнатиб турибди. Таълим-тарбия ишлари ҳам «аъло» даражада. Туманда, вилоятда мактаб ўз ўрнига эга. Айнура опа келажакни яхши кўра биладиган раҳбар ҳамдир. Билим масканида аввал таълим қирғиз тилида олиб бориларди. Шунга эҳтиёж бор эди. Ровотда қирғиз миллатига мансуб фуқаролар кўп эди. Бугун улар бироз камайиб қолди. Айнура опа ўйлади: «Нима қилиш керак? 45-мактаб ёнида 9-мактаб жойлашган. Битта синфни ҳам шакллантириб бўлмайди. Туманда таълим рус тилида олиб бориладиган битта мактаб мавжуд. Ровот аҳолисининг фарзандлари туман марказига қатнаб ўқишида қийинчилик бор. Демак, битта синфни рус тилига йўналтириб, таълимни рус тилида олиб бориш мақсадга мувофиқ. Унинг бу таклифини соҳадаги айрим раҳбарлар қўллаб-қувватлашмади. Аммо Айнура Исабекова сўзида қатъий туриб олди: Ровот ҳудудига шундай мактаб керак!»
Мактабнинг 1-синфига қадам қўйган ўқувчилар ҳозир 6-синфда ўқияпти. Давр тақозоси билан рус ва инглиз тилларига бўлган эҳтиёж ошиб кетди. Бугун мактаб жамоаси ҳам, ота-оналар ҳам, соҳа раҳбарлари ҳам хурсанд.
Айнура опа билан пахтазор оралаб юрар эканман, ундаги фидойиликни кўриб, замонамизнинг бир қаҳрамонини кашф этгандай бўлдим. «Уйчинома»нинг ҳар бир сонини қолдирмай ўқиб бораман. Газетанинг кечаги сонида ҳам ҳашарчилар, пахтакорлар ҳақида жуда чиройли мақола, суратлар чиқибди. Тўғриси, кўриб ҳавас қилдим. Умр йўлдошим ҳам фермер. Мактабдан бўшадим дегунча далага ошиқаман. Оз бўлса-да ёрдамим тегса дейманда. Хўжалигимиз аъзоларини, ҳашарчиларни бир суратга олиб, газетада ёритсангиз, улар янаям руҳланиб, хурсанд бўлишса, кўнглим тўларди».
Узоқдан ҳашарчилар кўринди. Бизни фермер Умарали Ўрмонов қарши олди. «Бу йил ҳосил яхши. Пахта мўл-кўл. Сувдан ҳам, ўғитдан ҳам, ёнилғидан ҳам қийинчилик бўлмади. Яхши ният билан 23,7 гектар майдонга «С 82 86″ навли чигит экдик. 74,8 тонна пахта тайёрлаб, 37 центнердан ошириб ҳосил олишни мўлжаллаганмиз. Бугун-эрта маррани эгаллаймиз», -дейди Умарали ака мамнунлик билан.
Ўзини 26-отряд раҳбари деб таништирган Ҳошимжон Сайдуллаевдан теримнинг бориши, илғорлар ҳақида сўрадик.
– Фермер хўжалиги аъзоси Саидахон Улуғшоева оила аъзолари Садбархон, Санобархон билан 3 тонна пахта териб берди. Пенсионер Юнусхўжа Маматов келини Лобархон билан, Ҳолидахон ва Маҳаммаджон Ҳамроевлар оилавий теримга чиқишяпти. Меҳнат фахрийлари Кароматхон ва Раҳимжон Мирзакалоновлар, Камолиддин Машрапов, Дўстлик маҳалласидан Қимматхон Жунаева, Феруза Иномова, Ҳавасхон Аҳмедова кунлик теримда пешқадамлик қилишяпти, -дейди отряд раҳбари.
-Ҳисоб-китоб ишларини ўзим олиб бораман, терим пулларини тарқатаман, -дейди Айнура опа қўлидаги сумкага ишора қилиб. -Одамлар хурсанд бўлса, меҳнатидан, ҳаётидан рози бўлса, шуда бизнинг мақсадимиз.
ДАЪВАТКОР СЎЗЛАР АМАЛИЙ ИШ БИЛАН УЙҒУН БЎЛСИН
17 октябрь куни туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида оқшом пайти йиғилиш бўлиши ҳақида хабар келди. Марказга туманнинг барча фаоллари, пахта теримига масъуллар тўпланган. Ҳамма одатий йиғилиш бўлса керак, деб ўйлаган эди. Аммо ундай бўлмади. Йиғилиш бошланишидаги кўтаринкилик унинг якунигача давом этди.
…Саҳнага қимматбаҳо совғалар бирин-кетин териб қўйилган. Бу совғалар кимга насиб этаркин? Фақат пахта йиғим-теримида фаол қатнашаётган жамоалар, маҳаллалар вакилларига бўлса керак-да, деб хаёлдан ўтказдик.
Йиғилиш бошланди. Туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев пахта йиғим-теримида фаол қатнашаётган барча уйчиликларга алоҳида миннатдорчилик билдирди. «Бу йил далаларимизда мўл ҳосил яратилди. Чаман-чаман очилган пахталар маҳтал бўлиб турибди. Пахтанинг бир мисқолини ҳам нест-нобуд қилмай йиғиштириб олсак, марра бизники. Катта ҳосил тўйларини қилиш, бир-биримизни қутлаш барчамизга насиб этсин.
Ҳаммамизга маълумки, пахта теримини хотин-қизларимизнинг иштирокисиз тасаввур этиш қийин. Уларнинг фидойиликлари олдида доимо таъзимдамиз. Ҳурмат-эҳтиромимиз чексиз. Келинглар, йиғилишимизни бошлашдан аввал яхши ният билан барча фаол аёлларимизга аталган совғаларни топширсак», -деди туманимиз раҳбари.
Дастлаб маҳаллаларнинг энг фаол раислари, маслаҳатчилари тақдирланди. Шундан сўнг вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Абдували Тешабоев, туман прокурори Жобирхон Азимов, туман ИИБ бошлиғи Санжар Абдуллаев, туман ҳокимининг ўринбосари Нафисахон Мамасолиевалар барча хотин-қизларга совғалар улашишди. Кейинги совғалар фидойи ёшлар, фахрийлар вакилларига топширилди.
Туманимиз раҳбари вилоят ҳокимлиги, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, касаба уюшмалари ташкилотлари вилоят бирлашмаси ва вилоят бош имом-хатибининг вилоят аҳолисига Мурожаатини ўқиб эшиттирди. Ушбу Мурожаат бўйича нуронийлар, фидойи ёшлар, хотин-қизлар, фаоллар, маҳалла вакилларидан Тоҳиржон Исматиллаев, Акмалжон Исоқов, Маҳмудахон Қаҳҳорова, Насибахон Ақилова, Абдуғаффор Режаббоевлар сўзга чиқиб, барчани юксак уюшқоқлик кўрсатишга даъват этдилар.
– Бу йилги мавсумда маҳаллалар катта куч сифатида фаол қатнашиб, уюшмаган аҳолини теримга жалб этмоқда, -дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Абдуғаффор Режаббоев. -Ўтган ҳафта туманимиз ҳокими беш кунлик якуни бўйича энг фаол ташкилотлар, маҳаллаларни рағбатлантириш бўйича мусобақа эълон қилган эдилар. Икки кун аввал мусобақа якунланиб, Тошлоқ, Хизиробод, Дахиякота, Олмурут МФЙлари раислари Ҳамидулло Ўлжабоев, Исроил Тошпўлатов, Латифжон Турсунов, Абдулбоқи Қаюмовларга эсдалик совғалари, Машад, Эзгулик, Қўрғонча МФЙлари раислари Ҳошимжон Усмонов, Исматилла Примқулов, Орифжон Тошматовларга бўлинмамиз томонидан мебель жамланмаси топширилди. Бугунги йиғилишда ҳам маҳаллага бўлган эътибор, катта куч ва суянч сифатида эътироф этилиши бизга ғайрат-шижоат бағишлайди.
Йиғилиш давомида янграган даъваткор сўзлар амалий иш билан уйғун бўлишига шак-шубҳа йўқ. Умид қиламизки, тез кунларда марра эгалланиб, аҳдида устувор уйчиликларнинг юзи ёруғ бўлади.
Муҳаммад АЛИ.

