ҲАР ЖАБҲАДА ЎРНАК

Эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаётган ички ишлар идоралари ходимлари касб байрамларини ёруғ юз билан кутиб олмоқдалар. Соҳа ходимлари ҳар йили ғалла, пахта мавсумида фаол қатнашишади. Етиштирилаётган мўл ҳосилда уларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Ҳозир пахта йиғим-терими авж паллада. Шундай тиғиз дамларда соҳа ходимлари ҳам четда турмай ҳашарга отланишди, айримлари турмуш ўртоқлари билан теримга чиқишди. Ўтган якшанба куни «Ер, сув, тириклик» фермер хўжалиги пахтазорларида жавлон урган туман ИИБ бошлиғининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари, подполковник Шавкатжон Дедабоев рафиқаси Ойтиллахон билан, жиноят қидирув бўлими бошлиғи Собиржон Каримов умр йўлдоши Нилуфархон билан, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси соқчиси Нозимжон Раҳимов турмуш ўртоғи Ширмоной билан пахта теришди.

-Бугунги теримда ҳамкасбларимиздан 75 нафари қатнашяпти, -дейди туман ИИБнинг жамоат тартибини сақлаш гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Адҳамжон Эргашев.                  -Уларнинг ёрдами билан 4,5 тонна пахта терилди. Энг илғор ҳашарчиларни рағбатлантириш учун совғалар олиб келдик. Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази санъаткорлари  ҳашарчиларга маданий хизмат кўрсатишади.

Тушлик пайти байрамона бўлиб кетди. Катта дошқозонда ош дамланди. Шу куни уч юзга яқин ҳашарчи теримга чиқибди. Туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, подполковник Муродилла Юнусов, 246-отряд раҳбари Санжарбек Нишоновлар энг илғор ҳашарчиларга эсдалик совғаларини топширишди. Дилбар куй-қўшиқ ва тароналар барчани рақсга ундади.