НУТҚИЙ КОМПЕТЕНЦИЯ – САМАРАЛИ УСЛУБ

Таълим жараёнида ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини ошириш бош масала саналарди. Янги ўқув йилидан эътиборан бош мезон сифатида компетенцияни ривожлантириш ҳам жорий этилди.

Ўқувчиларда нутқий компетенцияларни ривожлантиришнинг шакллари, уларни амалда қўллаш ва самарадорликка эришиш усуллари бўйича яқинда туманимизнинг бир қатор таълим муассасаларида вилоят семинари бўлиб ўтди.

Семинарга пухта ҳозирлик кўрган 3-мактаб эрта тонгдан Наманган шаҳри, Янгиқўрғон, Косонсой, Тўрақўрғон туманларидан келган соҳа ходимлари билан гавжум бўлди.

Дастлаб мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Н.Қаюмова томонидан маскандаги 5 нафар рус тили фани ўқитувчиси иш фаолиятлари бўйича тақдимот намойиш қилинди. Шундан сўнг 5 та синфда тайёрланган очиқ дарсга меҳмонлар таклиф қилинди. Айниқса, З.Исакжанованинг 4-«А» синфдаги «В магазине», С.Абдураззоқованинг 5-«Г» синфдаги «Серая Шейка» мавзулари юзасидан ўтилган дарслари мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида ўқитувчилар З.Адуллаева, Ш.Мирабдуллаевалар ҳамкорликда тайёрлаган «Узбекистан – мой край родной» номли маънавий-маърифий кеча намойиши бўлиб ўтди.

***

Таълим рус тилида олиб бориладиган 6-мактабда семинарга ҳозирлик ҳар қачонгидан-да пухта бўлди. Боиси, ўқувчилар нутқий компетенцияларини ривожлантиришга ўргатиш бўйича тумандаги рус тили фани ўқитувчиларига шу маскандан С.Расулова, Н.Нишановалар ўқитувчи-тренер сифатида машғулотлар олиб боришганди. Шу сабабдан уларнинг юқори синфларда ташкиллаштирган очиқ дарслари алоҳида эътибор билан кузатилди. Масканга ташриф буюрган НВПҚТМОИ катта ўқитувчилари Л.Козлова, Р.Казакова ушбу дарсларни вилоят миқёсида оммалаштирилиши хусусида гапириб ўтдилар. Бундан ташқари, ўқитувчилардан Г.Каипова, Г.Раҳмонова, Н.Зиёевалар дарсларида қўллаган илғор педагогик технологиялар ва презентациялари юқори баҳоланди.

Абдулҳаким НИШОНОВ.