«РЕАЛ» МАҒЛУБИЯТИНИ КУЛИБ ҚАРШИЛАДИМ
Футболнинг ашаддий мухлиси эмасману, бироқ ишқибозлик қиладиган жамоаларим бор. Шулардан бири Мадриднинг «Реал» клуби.
«Реал» – «Барса»нинг навбатдаги тўқнашуви олдидан, ҳар галгидай, баҳс-мунозаралар кўп бўлди. Мен ҳам бундай тортишувлардан четда қолмадим. Икки-учта «Барса»чи улфатларимга «Реал»нинг ғалабасини башорат қилиб юбордим.
Балки шу боисдир, ўйинни ўзгача ҳис-ҳаяжон билан кузатишимга тўғри келди..
Учрашувнинг дебютидаёқ кайфият расво бўлди. «Барселона» тезкор ҳужум уюштириб, мадридликлар дарвозасига гол киритди. У ёғига буткул «нафас қисадиган» ўйин бошланди.
«Реал» ҳар қанча ҳисобни тенглаштиришга ошиқмасин, барча ҳаракатлари чиппакка чиқаверди. Боз устига, оддий хатолар туфайли жамоада асабий ҳолат юзага келди. Рақиб жарима майдонига ёриб киришнинг ҳеч иложи топилмасди.
Фиғоним фалакка чиқиб, хунобим ошиб турган шу кезда дарвозадан кимдир чақириб келиб қолди. Бундай паллада сени чалғитишлари кўп ҳам хуш ёқавермайди. Қарасам, амакиваччам Сафар ака йўқлаб келибди. Салом-аликдан сўнг ичкарига таклиф қилдим. Гап орасида футбол кўраётганимни айтдим.
-Ие, футболми? Ундай бўлса, бирга кўрамиз, -дея амакиваччам менга эргашди.
Сафар акам ўзи ҳамма нарсага қизиқувчан киши. Давраларда унинг учун бегона мавзу йўқ. Ҳар қандай баҳс-мунозарага киришиб кетаверади. Бу ёғидан келсангиз, 8-синфни (у пайтлар таълим 10 йиллик бўлган) мактабга бормай тамомлаган. Билим юртидан олган дипломи қайси касб бўйича ёзилганини ҳанузгача ўқиб кўрмаган. Футболга ишқибозлик ҳам шунга яраша.
-Ким билан ким ўйнаяпти? -деган саволига: «Астон Вилла» – «Манчестер Сити», -деб жавоб берсангиз, дарғазаб бўлиб, -Нима мени калака қиляпсанми? Тўғри жавоб бер: «Астон» билан «Вилла»ми, «Манчестер» билан «Сити»ми? -дейдиган ҳолатдаги мухлис.
Хуллас, ичкарига кирдик. Футболни икки кишилашиб кўра бошладик.
Сукунатни ўша анъанавий савол билан амакиваччам бузди.
-Ким билан ким ўйнаяпти?
-«Пахтакор», -дедим лўндагина қилиб.
Шу пайт Сафар акага «Реал» кимнинг жамоаси, «Барселона» қаердан, қандай баҳс кетяпти каби саволларга жавоб берадиган алфозда эмасман.
-Қайси бири «Пахтакор»? -яна саволга тутди қариндошим.
-«Оқлар», -дедим тумтайиб.
-Намунча тумшуғинг осилади? Ютқазяптими?
Индамадим.
Орадан икки-уч дақиқа ўтгач, «дард устига чипқон», деганларидек, «Реал» дарвозасига иккинчи тўп урилди. Асабдан қўлимдаги телевизор пультини уйнинг бурчагига улоқтирдим. Пультнинг қопқоғи очилиб, батареялари сочилиб кетди.
-Шуниси ортиқча бўлди, -деди Сафар акам жиддий туриб. Орқасидан ўзига мушоҳада юритди.
-Назаримда, майдонда Миржалолнинг йўқлиги жамоага билиняпти.
-Жамоада нафақат Миржалол, балки Рифат Рисқиев ҳам йўқ, -дедим мен ҳам бўш келмай.
Қариндошимнинг менга маъносиз тикилиб турган кўзларига қараб, юрагим «шув» этди. «Мазах қилаётганимни пайқаб қолди, шекилли. Дили оғриб қолмасин-да, ишқилиб».
Йўқ. Ҳаммаси жойида экан. Буни амакиваччамнинг кейинги сўзлари тасдиқлади:
-Унда тамом бўпти, деявер. Агар Рисқиев ҳам бўлмаса, «Пахтакор»ингнинг ютқазиши аниқ.
Энди ўзимни тўхтатиб туролмадим. Портлаб кулиб юбордим. Қариндошим вазиятни тушуниб ё тушунмай, менга қўшилиб мириқиб кулди. Шу зайл «Реал»нинг мағлубиятини кулги билан қарши олдик.
Абдул ҲАКИМ.

