Туман ҳокимининг қарори Вилоят ҳокимининг 2017 йил 19 октябрдаги «Тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини янада ихчамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 752-сонли қарорининг туманда ижросини таъминлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йил 2 августда ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, жамиятимиз ҳаётининг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш, миллий истиқлол ғоясининг асосий тушунча ва тамойилларини ҳаётга кенг жорий этиш мақсадида туманда ўтказилаётган тўй-ҳашам, маросим ва унга доир турли оилавий тадбирлар шуҳратпарастликка берилиб, урф-одатларимизни менсимаслик, ўзини кўз-кўз қилиш, исрофгарчилик ва дабдабабозлик билан ўтказилиши ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказаётганлиги муносабати билан кенг жамоатчиликнинг туманимизда бўлиб ўтаётган тўй-ҳашамлар, маърака ва маросимларни тартибга келтириш тўғрисидаги илтимослари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, туман хотин-кизлар қўмитаси, «Нуроний» жамғармаси туман бўлими, маънавият тарғибот маркази туман бўлими ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши таклифларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги ПФ-2100-сонли Фармони, шу мазмундаги вилоят ҳокимининг 2017 йил 19 октябрдаги 752-сонли қарорининг туманда ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6 ва 25-моддаларига асосан,

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

  1. Вилоят ҳокимининг 2017 йил 19 октябрдаги 752-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
  2. Вилоят ҳокимининг 2017 йил 19 октябрдаги 752-сонли қарори билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, туман хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» жамғармаси туман бўлими, маънавият тарғибот маркази туман бўлими ва ёшлар иттифоқи туман кенгашининг туманда бўлиб ўтаётган тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни янада ихчамлаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланганлиги эътиборга олинсин.
  3. Туманда тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи туман комиссияси таркиби 1-иловага, тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни тартибга солиш бўйича тавсиялар 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Комиссия таркибига тумандаги обрў-эътиборга, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган меҳнат фахрийлари, кекса нуронийлар, Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, халқ депутатлари туман Кенгашининг депутатлари, шунингдек, маҳалла фаолларини киритиш тавсия этилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифига асосан ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклиф ва истакларидан келиб чиқиб, туманимизда ҳар қандай тўй ва маросимлар бир кунда ўтказилиши белгилаб қўйилсин.
  2. Туманда бўлиб ўтадиган тўй базмларининг тугаш вақти тунги вақт бошлангунга қадар (соат 22:00) этиб белгилансин.
  3. Тумандаги ресторан, кафе ва тўйхоналарда маросимларни ўтказиш вақти 3 соатдан ортиб кетмаслиги таъминлансин;

-тўй ва маросимларда жамоат тартибини сақлаш ва тадбирларни якунлашнинг белгиланган вақтидан чўзилиб кетишининг олдини олиш мақсадида профилактика инспекторлари ва туман комиссияси томонидан қатъий назорат ўрнатилсин;

-бунда жамоатчилик вакилларининг келин-куёв ва уларнинг яқинлари томонидан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлимларига ташрифи жараёнида ҳамда тумандаги диққатга сазовор ва кўнгилочар жойларга сайр қилишда автоуловларнинг сони ёлланганлари билан бирга 4 тадан ортиб кетмаслиги, шунингдек, автоуловларнинг марказий йўл ва айланма йўл кесишмаларида ҳаракатланаётган вақтида йўлнинг қарама-қарши томонига чиқмаслик, тирбандликни ҳосил қилмаслик, бошқа автоуловларнинг ҳаракатланишига халақит бермаслик каби йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этишлари ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

  1. Туман ички ишлар бўлими (С.Абдуллаев), «Уйчинома» газетаси (М.Қамбаров)га;

-йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигига жиддий хавф солиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи билан ҳамкорликда рейдлар ўтказиш, тўй ва бошқа маросимларда ёлланган енгил автотранспорт воситаларининг тартибсиз ҳаракатланишларини бартараф этиш, шунингдек, тўй-ҳашам муносабати билан хиёбонларда суратга ва видеотасвирга олиш жараёнида жамоат тартибига риоя этилиши юзасидан ўрнатилган тартибда қатъий чораларни кўрсинлар.

  1. Туман давлат солиқ инспекцияси (Р.Атаханов)га:

-ресторан, кафе ва тўйхонада тўй-ҳашам ва турли маросимларни ўтказишда пластик карточкалар, пул ўтказиш йўли ва банк кредити орқали ўтказиладиган тўловларни қабул қилишда ҳеч қандай чекловларсиз, нархларни бир хил миқдорда, сунъий ошиб кетишига йўл қўймаган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш;

-тўй ва бошқа маросимларда хизмат кўрсатувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан автотранспорт хизматлари кўрсатилишининг қонунийлигини назоратга олсин.

  1. Туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (А.Нишанов) ресторан, кафе ва тўйхоналарда ўтказилаётган тўй, маърака ва оилавий маросимларда мева-сабзавот, озиқ-овқат ва ичимликлар, таомлар сифати бўйича ҳамда ошпазлар ва хизматчиларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги юзасидан тегишли назорат ўрнатсин.

Бунда ресторан, кафе ва тўйхоналарда бўлиб ўтадиган ҳар қандай тадбирларни бир кунда, таклиф этилган меҳмонларнинг сони кўпи билан 300 нафардан ошмаслиги белгилаб қўйилсин.

Тўй маросимлари ва бошқа тантаналарда пиротехника воситаларидан фойдаланмаслик, аҳолининг, айниқса, кексалар, беморлар ва ёш болаларнинг тинчи ва осойишталигини бузмаслик мақсадида тунги тўй шовқинига қарши кураш талабларига қатъий амал қилиш чораларини кўрсин.

  1. Тадбирлар ўтказишга оид мазкур талабларга амал қилмаган, аввало, тўй ва маросим ташаббускорлари ҳамда ресторан, кафе ва тўйхона эгаларига нисбатан амалдаги қонун талабларига мувофиқ қатъий чоралар кўрилиши таъминлансин.
  2. Туман комиссияси (Н.Мамасолиева), туман прокуратураси (Ж.Азимов), туман ички ишлар бўлими (С.Абдуллаев) ва «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси (А.Режаббоев) билан биргаликда:

-ҳар ойда бир маротаба ҳокимлик ижроия аппарати йиғилишида ҳамда йилнинг ҳар чорагида халқ депутатлари туман Кенгаши йиғилишида туман комиссияси томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботларининг эшитиб борилиши белгилаб қўйилсин.

  1. Туман «Уйчинома» газетаси (М.Қамбаров)га:

-тўй-ҳашам ва бошқа оилавий тадбирларни бир кунда, ихчам, камхарж, камчиқим ва дабдабабозликларсиз ўтказишнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида газета саҳифаларида махсус рукнлар ташкил этиб бориш тавсия этилсин.

  1. Республика маънавият тарғибот маркази туман бўлими (Э.Юнусова)га:

-тўй-ҳашамлар ва бошқа маросимлар замирида ҳозиргача мавжуд бўлган ва юзага келаётган долзарб муаммоларни кенг жамоатчилик билан муҳокама этиш ҳамда миллий қадриятларимизга зид, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган иллатларга қарши жамоатчилик фикрини шакллантиришга алоҳида эътибор бериш ишларининг амалга оширилишини таъминласин.

  1. Туман маданият бўлими (И.Солиев), Республика маънавият тарғибот маркази туман бўлими (Э.Юнусова), туман давлат солиқ инспекцияси (Р.Атаханов) билан биргаликда:

-тўй-ҳашам ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказишда таклиф этилган санъаткорлар сони 2-3 тадан ошмаслиги юзасидан амалий чора-тадбирлар белгиласин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2015 йил 9 декабрдаги 354-сонли қарори талабига мувофиқ лицензия, рухсатнома талаблари ва шартлари асосида маданий хизмат кўрсатилишини таъминласин.

  1. Туман хотин-қизлар қўмитаси (Н.Мамасолиева), «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси (А.Режаббоев), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши (А.Атақўзиев), Республика маънавият тарғибот маркази туман бўлими (Э.Юнусова), «Нуроний» жамғармаси туман бўлими (Т.Исматиллаев), Ўзбекистон мусулмонлар идораси туман вакиллиги (И.Қирғизбоев) ва бошқа манфаатдор ташкилот ва идоралар билан биргаликда:

-жойларда тўй маросимларини ихчам, камхаражатли ва камчиқим ўтказиш бўйича тушунтириш-тарғибот тадбирларини амалга ошириш;

-фуқаролар йиғинларидаги асосий йўналишлари бўйича комиссиялар, айниқса, яраштириш комиссиялари фаолиятини кучайтириш;

-комиссиянинг чоракли ҳисоботларида маҳаллада тўй ва маросимларни қисқартириш, ортиқча дабдабаларга йўл қўймаслик бўйича тегишли қарорлар ижросини таъминламаган фуқароларни «Маҳалладошлар йиғини»да танқидий муҳокама этиб бориш;

-тўй ва маросимлар олдидан ўтказиладиган «қудалар келишуви» тадбирини ўтказиш ишларини йўлга қўйиш билан биргаликда, мазкур келишувга «Яраштириш комиссияси» ва «Қайноналар кенгаши» вакилларини жалб этган ҳолда ташкил этиш;

-жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган шахслар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, аниқланган салбий ҳолатлар бўйича профилактика инспекторларини жалб этган ҳолда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ва комиссияларга маълумот киритиб бориш вазифаси юклатилсин.

  1. Туман ФҲДЁ бўлими (З.Қорабоева)га:

-бир ой муддатда ФҲДЁ органларида никоҳдан ўтиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар қаторида никоҳдан ўтиш учун мурожаат этган ҳар бир келин-куёвнинг ўзи истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғинидан тегишли маълумотнома тақдим этиш амалиётини жорий қилиш бўйича ўз таклифларини киритсин;

-касб-ҳунар коллежлари ўқувчи қизларининг таълим муассасасини тамомламагунларига қадар никоҳдан ўтказилишига йўл қўймаслик чораларини кўрсин.

  1. Ўзбекистон мусулмонлар идораси туман вакиллиги (И.Қирғизбоев)га:

-жойларда оиланинг муқаддаслигини ҳисобга олиб, шаръий никоҳ ҳамда яқин қариндошлар ўртасида никоҳ муносабатларига киришишларига йўл қўймаслик, қонуний никоҳдан ўтмаганларга шаръий никоҳ ўқимаслик, шаръий никоҳ ўқиётган расмий ёки норасмий имомларни аниқлашда фуқаролар йиғинлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга яқиндан ёрдам бериш;

-совуқ маъракаси бўлган хонадонларда эҳсон қилиб, дастурхон солмасликни тушунтириб бориш тавсия этилсин.

  1. Туман тиббиёт бирлашмаси (Н.Расулова)га:

-жойларда чет элдан қайтиб келган фуқаролар, айниқса, ўсмирлар ва аёлларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш;

-никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнларида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик, уларни тиббиёт марказларига шахсан ўзлари келишларини таъминлаб, тўлиқ тиббий кўрикдан ўтганларидан сўнг тегишли хулосаларни тақдим этиш;

-яқин қариндошларнинг никоҳ муносабатларини қуришига йўл қўймаслик, унинг салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини ташкил этиш топширилсин.

  1. Туман ФҲДЁ бўлими, туман халқ таълими бўлими, касб-ҳунар коллежлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгашининг тумандаги барча мактаб ва коллежлар қошида «Ёш оила қурувчилар мактаби»ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

-ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мутахассисларни жалб қилган ҳолда битирувчи ёшлар орасида оиланинг муқаддаслиги, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизнинг ҳақиқий моҳиятини тушунтиришга қаратилган давра суҳбатлари ва ўқув-семинарлари ташкил этиш;

-«Никоҳ шартномаси» ва унинг мазмуни, тўй-ҳашамларни ихчамлаштиришнинг моҳиятини кенг тарғиб қилиб бориш.

  1. Тумандаги касаба уюшмалари ва тегишли манфаатдор идоралар раҳбарларига:

-бир ҳафта муддат ичида мазкур қарор мазмун-моҳиятини ташкилотлар, муассаса ва идораларнинг кенгайтирилган йиғилишларида ходимлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб борсин ҳамда ўтказилган тарғибот ишлари юзасидан расмийлаштирилган баённомалар ҳамда раҳбарларнинг бу борадаги кафолат хатларини ўн кун муддат ичида туман комиссиясига тақдим этсин.

  1. Туман прокуратураси ва туман ФҲДЁ бўлими Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги ПФ-2100-сонли Фармонига мувофиқ, ушбу қарор билан белгиланган тартибларга амал қилиниши устидан қатъий назорат ўрнатсинлар.
  2. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2016 йил 27 августдаги 1125-сонли қарорининг тегишли бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
  3. Ушбу қарор «Уйчинома» газетасида расман эълон қилинсин.
  4. Мазкур қарор ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.

Туман ҳокими               А.ТУРДИЕВ.

Уйчи шаҳарчаси,

2017 йил 23 октябрь.