КЎРГАЗМАЛИ ТАРЗДА
«Ғайрат Хонобод чашма булоғи» СИУ ҳудудидаги «Ғайрат дурдонаси» фермер хўжалигида 2018 йил ҳосили учун кузги шудгорлашни сифатли ташкил этишга бағишланган туман кўргазмали семинари бўлиб ўтди.
-Жорий йилда туманимизда 6940 гектар ерни кузги шудгорлаш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 32 та ҳайдов трактори жалб этилган, -дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғининг агротехнология бўйича ўринбосари Комилжон Мамадалиев. -Шудгорлаш ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида 17 та отряд тузилди. Ёнилғи таъминотида узилишлар бўлмаслиги, механизаторларга қулай шарт-шароитлар яратиш чоралари кўрилмоқда.
Семинарда туман ҳокими Абдуғани Турдиев кузги шудгорлашнинг ўз вақтида, сифатли ўтказилишини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ташкилий чора-тадбирлар, 2018 йил ҳосили учун зарур ва қулай шароитлар яратиш бўйича тавсиялар бериб, олдиндаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Шу куни бир бош жонлиқ сўйилиб, нуронийлар дуои фотиҳалар қилишди. Якунда механизаторларга бир қопдан ун, ўсимлик ёғи, 1 миллион сўмдан нақд пул тарқатилди.

