ТАРАҚҚИЁТ ДУШМАНИ
Коррупция ўзи нима? Коррупция бу – мансаб, мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Коррупция фаолияти хуфиёна иқтисодиётнинг асосий турларидан биридир. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади. Аммо, умуман олганда, мансабдор шахсларгина эмас, балки давлат ташкилотида ишламайдиган фуқаролар ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши, пора эмас, балки бошқа нарсалар эвазига ўз эҳтиёж ва манфаатларини ҳам амалга оширишлари мумкин.
Дарҳақиқат, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан кучли жамоатчилик назоратини амалга ошириш фуқаролик жамиятини барпо этишнинг энг муҳим шартларидан ҳисобланади. Зотан, фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг фаолияти жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этиб бориши фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашнинг муҳим шартидир. Буни давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, биз давлатнинг назорат функцияларини қанча кучайтирсак, назорат билан шуғулланувчи давлат тузилмалари ва органларини қанча кўпайтирсак, амалдорларнинг зўравонлиги ва коррупция шунча авж олаверади.
Коррупцияга қарши курашишга фақат ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Бу иллатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар.
Анваржон РАҲМОНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими катта суриштирувчиси.

