ЖАМИЯТИМИЗГА ЁТ УНСУР

Қулликнинг замонавий кўриниши ҳисобланмиш одам савдоси жиноятига қарши кураш юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ажралмас қисми, десак асло муболаға эмас. Боиси, инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилиш ҳукуматимизнинг бош устувор вазифаси экан, жамиятимизда одам савдоси каби жиноятнинг ёйилишига асло йўл қўйилмайди.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича туманимизда бир қатор ишлар амалга оширилди. Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2833-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг кўрсатмасига биноан, одам савдосига қарши курашиш туман идоралараро комиссияси ишчи гуруҳининг хонаси туман ҳокимлигидан туман ички ишлар бўлими биносига кўчирилди.

Мавжуд бўлган йиғма жилдлар қайтадан юритув қилиниб, барча муддати тугаганлари архивга топширилди. Комиссия аъзоларининг иштирокида одам савдосига қарши курашиш бўйича 2017 йилнинг 10 ойи мобайнида амалга оширилган ишлар муҳокамаси, йўл қўйилган камчиликлар ва амалга оширилган ишлар юзасидан йиғилиш ўтказилди. Одам савдосига қарши курашиш бўйича туманда фаолият олиб бораётган барча ташкилотларга одам савдоси жабрдийдаларига амалий кўмаклашиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, моддий ёрдам, иш билан таъминлаш ва бошқа масалалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

2017 йилнинг 10 ойи давомида туманимиз ҳудудида одам савдоси билан жиноятларни содир этган ҳамда ушбу турдаги жиноятни содир этишга мойил бўлган 27 нафар шахснинг рўйхати тузилиб, профилактик ишлар амалга оширилди. Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга оид туман ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга 31 та ариза ва шикоят тушган. Улар қонуний тартибда кўриб чиқилиб, 30 таси таркибида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли рад этилган, 1 таси устидан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу йўналишда жиддий камчиликларга йўл қўйган мутасадди ташкилотларга туман прокуратураси ва ИИБ томонидан тақдимномалар киритилди.

Улуғбек БОБОМИРЗАЕВ,

туман ИИБ ТЭККБ одам савдосига қарши курашиш гуруҳи тезкор вакили.