КОРРУПЦИЯ – ЖАҲОЛАТГА ЙЎЛ
Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида» 2017 йил 3 январда қабул қилинган Қонуни ҳамда Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 2 февралдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Коррупция бу – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш ҳисобланади.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, айниқса, порахўрлик жиноятларининг олдини олиш ва уларни фош этиш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш тизими, асосан, мансабдор шахсларнинг пора олиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган.
Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ҳақида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларининг фаолияти ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни ҳимоя қилиш керак. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар натижасида қабул қилинган қарорларни бекор қилиш ёки ўзгартириш, яъни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар натижасида қабул қилинган қарорлар манфаатдор шахснинг аризасига кўра ваколатли давлат органи, бошқа ташкилот ёки мансабдор шахс томонидан бекор қилиниши ёхуд ўзгартирилиши ёки суд тартибида ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги натижасида қабул қилинган қарор бекор қилинган, ўзгартирилган ёки ҳақиқий эмас, деб топилган тақдирда, унинг қабул қилиниши натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши борасида батафсил тушунтиришлар берилмоқда.
Шиддат билан ривожланиб келаётган бугунги кунда ҳар бир нарсага ўз вақтида кураша олишимиз ва бу ишни бугундан бошлашимиз керак.
Рустам ЗОКИРЖОНОВ,
жиноят ишлари бўйича туман судининг девонхона мудири.

