КУЛФАТГА ЭЛТУВЧИ ИЛЛАТ

Гиёҳвандлик аср вабосидир. Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида маълум бир кишилар ўзларининг интизомсизлиги, фойдали меҳнат билан шуғулланишни истамаслиги, ўз-ўзини назорат қила олмаслиги, ота-оналарнинг назоратидан четда қолганлиги ва шундай моддаларга қизиққанлиги учун гиёҳванд бўлиб қолмоқдалар.

Гиёҳванд моддани «татиб кўриб» бу дардга чалинганларнинг 90 фоизи қизиқишлари қандай балоларга дучор қилишини билмайдилар. Баъзилар гиёҳванд моддани истеъмол қилиш одатини ташлаш осон деб ўйлашади. Бу – хато фикр. Чунки гиёҳвандликка одам жуда тез ўрганиб қолади, организмнинг бунга эҳтиёжи эса ортиб боради. Бунда организмнинг реактивлиги сусайиб, гиёҳванд моддага руҳий ва жисмоний жиҳатдан қарамлик, мутелик ҳолати юзага келади, яъни одам гиёҳванд модда қабул қилмасдан туролмайдиган бўлиб қолади. Гиёҳвандликнинг шартли 3 босқичи мавжуд:

-биринчиси, ўрганиб бориш, яъни адаптация (организм реактивлиги ўзгариб, руҳий қарамлик) пайдо бўлиб бориши;

-иккинчиси, жисмоний қарамлик пайдо бўлиши ёки хумор тутиб, одам жуда қаттиқ қийналгандан синдром бошланганида у гиёҳванд модда истеъмол қилишга кучли даражада эҳтиёж сезиши;

-учинчиси, бутун организмнинг ҳолдан тойиши, ушбу модда заҳарли бўлгани учун бош мияга таъсир қилиб, кўнгил айниши, мижоз сусайиши, бора-бора бу саратон, ўпка касалликларига сабабчи бўлиши, кейинчалик тутқаноқ хасталигига учраши.

Гиёҳванднинг руҳияти ўзгариб боради, у салга қўзғалувчан, тажовузкор бўлиб қолади, жамиятдаги қонун-қоидаларга хилоф хатти-ҳаракатлар қилиб, жиноятга қўл уради. Бундай кимсалар сержаҳл, тажанг бўлиб қоладилар. Кўнглида ҳамиша ваҳима, гўё уни биров таъқиб қилаётгандек хавотирга тушади. Гиёҳванд модда истеъмол қилинганда юрак қон-томир ва нафас олиш тизими сусайиб, баданнинг териси кўкариб кетиши, қон аралаш ич кетиши, баданнинг қичиши, ҳар хил тошмалар тошиши, вужудида қалтироқ туриб, титроқ босиши, кўнгил айниши содир бўлади. Гиёҳванд худди ўлиб қолаётгандек ваҳимага тушади. Қон босими пасайиб кетади.

Бундай касалликка дучор бўлмаслик учун, аввало, соғлом турмуш тарзига амал қилиш керак. Баъзи бировларнинг ёлғон гапига ишонмаслик, бу йўлга ундовчилардан нари юриш, гиёҳвандлик деб аталмиш заҳри қотилнинг қандай ёмон оқибатларга олиб келишини унутмаслик лозим. Айниқса, ўсиб келаётган фарзандларимиз бу йўлга кириб кетмаслиги учун уларни вақтида назорат қилишимиз, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, спорт билан шуғулланишларига имконият яратишимиз зарур.

Нигора ДОСБАЕВА,

туман ФҲДЁ бўлимининг 1-тоифали инспектори.