СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИ ИСЛОҲОТЛАРИ – ЯНГИ БОСҚИЧДА
Суд мустақиллиги одил судловни амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан биридир. У ишдаги ҳолатларни ҳар томонлама ва холисона ўрганишни, адолатли қарор чиқаришни, пировардида эса шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайди. Суд ҳокимияти ҳақиқатан мустақил ва судьялар чинакам эркин бўлсагина, суд ҳимояси тўлиқ ва самарали амалга ошиши мумкин.
Судьяларнинг мустақиллиги ва ҳуқуқий кафолатлари тизимининг норматив базаси, асосан, Ўзбекистон Конституцияси (янги таҳрирдаги) ва «Судлар тўғрисида»ги, «Судьялар Олий Кенгаши тўғрисида»ги Қонунларда шакллантирилган. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда «судьяларнинг мустақиллиги» тушунчаси мустаҳкамланди ва янги ҳуқуқий категория – «суд ҳокимиятининг мустақиллиги» жорий этилди.
Айниқса, умумий юрисдикция судлари ихтисослаштирилиб, фуқаролик, жиноят, маъмурий ва иқтисодий судлар ташкил қилинганини алоҳида қайд этиш зарур. Чунки бунинг натижасида жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишларни малакали асосда кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишга мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди.
Конституциянинг 112-моддасида «Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади», -деб белгилаб қўйилган. Ушбу конституциявий талаблар асосида олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари юксак самара бермоқда.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Дастлаб, 2001 йилнинг 29 августида «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуннинг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ривожини янги босқичга олиб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида»ги ва 2005 йил 8 августдаги «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида»ги Фармонлари бу борадаги ислоҳотлар равнақида муҳим қадам бўлди.
2010 йилда Биринчи Президентимиз томонидан парламентга тақдим этилган дастурий ҳужжат – Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида Ўзбекистонни иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий ривожлантиришнинг истиқболдаги устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Концепцияда, айниқса, қонун ижодкорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, 2014 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан жиноят-процессуал қонунчилигида белгиланган процессуал мажбурлов чоралари тизимига янги – уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасининг киритилиши ҳам ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Бу борада Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон муҳим аҳамиятга эгадир.
Мазкур Фармонда судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби жорий қилинди, 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллашни кенгайтириш орқали қамоқ тариқасидаги жиноий жазо тугатилди, жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилди, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга келтирилди, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди. Судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди. Терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти бекор қилинди. Фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилди. Вилоят даражасидаги судлар томонидан жиноят ва фуқаролик ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институти тугатилиб, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш бўйича ваколатлари бекор қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш бўйича бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинди, адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш соҳасидаги вазифа ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилди, хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судлари ташкил этилди.
Суд-ҳуқуқ тизимида қисқа муддат ичида бундай кенг қамровли ислоҳотларнинг амалга оширилиши жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришга хизмат қилаётир.
Ҳусниддин АДИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси.

