ТАРАҚҚИЁТ МЕЗОНИ

Мустақил давлатчиликнинг суверен белгиси ҳисобланмиш Конституция, аввало, миллатнинг юзи, халқнинг эрки, иродаси, жамият тараққиётининг асосидир. Демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш мақсадида қабул қилинган Конституциямизнинг ғояси, асосий принцип ва қоидалари умумэътироф этилган халқаро талаблар билан бирга халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланиб келган қадриятларини ҳам ўзида мужассам этган.

Халқимиз Конституциямизнинг қабул қилиниши орқали дунё ҳамжамиятига ўзининг умуминсоний қадриятларга содиқ эканлигини намоён қилди. Ушбу умуминсоний қадриятларнинг диққат марказида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини таъминлаш давлатимиз олдидаги олий масъулият эканлиги Конституциямизнинг асосий ғояси сифатида танлаб олинди. Конституциямизнинг барча тамойиллари, аввало, инсон ва фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, давлатнинг мажбурияти ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашда акс этади.

Айтиш лозимки, давлатимиз Конституцияси қабул қилинганидан буён ўтган 25 йил давомидаги тараққиёт мазкур Конституциямизнинг нақадар етук ва нуфузли ҳужжат эканлигини тўла тасдиқлади. Буни Республикамиз фуқаролари, сиёсатчилар ва халқаро сиёсий ташкилотлар, бир сўз билан айтганда, кенг жамоатчилик тан олган.

Мухтасар қилиб айтганда, Конституцияда белгилаб қўйилган олий мақсадимиз, яъни демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида, давлат ва жамият қурилиши соҳасида босқичма-босқич ва изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий ҳуқуқий ҳужжат сифатидаги ўрни доимо беқиёс бўлиб қолаверади.

Бахтиёр КАСИМОВ,

туман маъмурий суди раиси.