ҲАР БИР ТЕРИМЧИГА СОВҒА
Бу йилги пахта йиғим-терими мавсумида фаол қатнашган теримчи-ю ҳашарчилар, ташкилотчиларнинг меҳнатини қадрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, туман прокурори Жобирхон Азимов раҳбарлигидаги 2-сектор ҳудудида намунали иш ташкил этилди. Ёркатай МФЙнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Муқаддас Халилова бошчилигидаги отряд теримчиларининг фаоллиги алоҳида эътирофга лойиқ. Машад, Ёркатай, Ёрқўрғон қишлоқлари ва Ўнҳаёт шаҳарчаси ҳудудидаги маҳаллалардан чиққан 120 нафар уюшмаган аҳоли мазкур отрядга уюшган ҳолда теримда қатнашди. Уларнинг кўмаги билан 100 тоннадан ортиқ «оқ олтин» терилди. Гумбаз МФЙдан Адиба Машралиева, Ёркатай МФЙдан Муҳайё Убайдуллаева, Қувурбоши МФЙдан Раҳима Долиева, Машад МФЙдан Баҳринса Оппоқовалар фидойилик кўрсатишди.
Ўтган ҳафта мавсум якунига бағишлаб байрам тадбири уюштирилди. Катта дошқозонда ош дамланди. Унга барча теримчилар, туман ободонлаштириш бошқармасидан чиққан олиҳиммат ҳашарчилар таклиф этилди. Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари маданий хизмат кўрсатишди.
Тадбирда қатнашган туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев, туман прокурори в.б. Воҳиджон Нишонов теримчи-ю ҳашарчиларга самимий миннатдорчилик билдирдилар, энг илғорларига туман ҳокимининг фахрий ёрлиқларини топширдилар. Шунингдек, барча теримчиларга эсдалик совғалари, ўсимлик ёғи, Уйчи туманлараро газ таъминоти участкаси томонидан суюлтирилган газ баллонлари, «Уйчи Ровот агрофирма» МЧЖ томонидан қўнғир кўмирдан брикетлар бепул тарқатилди.
-Кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик теримда қатнашган барча хотин-қизларимизга куч-ғайрат, шижоат бағишлади, -дейди туман Кенгаши депутати Парпибой Улуғхўжаев. -Айниқса, қилинган меҳнатнинг эътирофи ва рағбати инсонга катта маънавий озуқа ҳам беради. Бугунги тадбир аввалгиларидан шуниси билан фарқ қилди.

