ЖАМОАТЧИЛИК ТАЪСИРИ БИЛАН

Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.

30 ноябрь куни Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежига тумандаги 4-секторга жамланган Уйчи шаҳарчаси, Ёрқўрғон қишлоғидаги барча, Уйчи қишлоғидаги Умид, Қўрғонча МФЙлари раислари, маслаҳатчилари ва посбонлари жам бўлишди. Уларга шу куни ўз ҳудудларидаги профилактик тадбирларда аҳамият қаратилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида тушунчалар берилди.

Коллежнинг ўзида бўлиб ўтган давомат тадбирида сектор раҳбари, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Расулжон Отахонов, туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари Мирхалил Позилов, коллеж директори Абдумажид Отабоев иштирок этишди. Махсус гуруҳ томонидан муассасадаги давомат ўрганилганда, дарсларга 96,7 фоиз ўқувчи иштирок этаётгани аниқланди. Ҳар бир гуруҳда ўқувчи-ёшлар билан таълимнинг мажбурийлиги, таълим муассасаси – оила – маҳалла ҳамкорлигининг асосий мақсади, ёш авлодни қийнаётган муаммолар, уларнинг ечимини топиш масалаларида давра суҳбатлари ташкил этилди.

Шу куни мазкур коллежнинг 3-курс ўқувчиси, Наманган шаҳар, Гузар маҳалласида истиқомат қилувчи Шаҳноза Олимжонованинг хонадонига ташриф буюрилди. Шаҳнозанинг мунтазам дарсга қатнашмаслиги сабаби ойдинлаштирилиб, унинг ота-онасига фарзандининг таълим-тарбия олишдаги мажбуриятлари тушунтирилди. Акс ҳолда, амалдаги қонунчиликка мувофиқ жазо чораларининг қўлланиши ҳақида огоҳлантирилди.

Абдулҳаким НИШОНОВ.