ЗИММАДАГИ БУРЧ
Ушбу муҳим ҳужжат юртимизда истиқомат қилаётган барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар қонун олдида тенглигини ифода этади. Конституцияда мамлакатимиз яхлитлиги, тинчлиги ва барқарорлиги, халқимиз бирдамлиги, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат аниқ белгилаб қўйилган.
Конституциямизнинг 64-моддасида «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарнинг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради», -дейилган.
Бош Қомусимизнинг 65-моддасида эса «Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади», -деб кўрсатиб ўтилган.
Демак, ота-оналар йиғилишларида, тарбиявий соат ва тадбирларда устозлар ота-оналарга ўз бурчларини тушунтиришлари керак. Чунки кейинги йилларда ота-оналар пул ишлаш учун чет давлатларга кетаётганлиги ҳамда фарзандларини назоратсиз қолдираётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай оилаларда улғаяётган болалар кўпроқ меҳрни кўчадан излашади. Ушбу ҳолатлар жамиятимиз ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.
«Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.
Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.
Мактаб ишлари давлат назоратидадир», -дейилади Асосий Қонунимизнинг 41-моддасида.
Ёшлигидан ўз ҳуқуқ ва бурчларини англаган ўқувчи келажакда комил инсон бўлиб улғаяди.
Севара ҲАМИДОВА,
6-мактаб ўқитувчиси.

