ИЖТИМОИЙ КЎМАК – МУҲИМ ВАЗИФА
Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси тадбирларини амалга ошириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан бир қатор ишлар қилинмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5052-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилди.
Жамғармани ташкил этишдан асосий мақсад, кам таъминланган аҳоли қатламлари бандлигини таъминлаш ҳамда кам таъминланганликдан чиқаришдан иборат бўлиб, мамлакатнинг барча минтақаларидаги, хусусан, қишлоқ ва олис туманлардаги банд бўлмаган фуқароларни аҳоли пунктлари, маҳаллаларни ободонлаштириш, ариқларни, ирригация шохобчаларини тозалаш, уй-жой коммунал хўжалиги объектларини таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш, йўллар, кўчаларни, уй-жой фонди ва туташ ҳудудлардаги объектларни таъмирлаш бўйича жамоат ишларига, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишларига кенг жалб этиш чора-тадбирлари амалга оширилади. Жамоат ишларига жалб этилаётган жисмоний шахслар Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод қилинадилар, жамоат ишларига жалб этиладиган, Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган жисмоний шахслар меҳнатига тўланган ҳақ сифатида олинган даромадлар ягона ижтимоий тўловга тортилмайди.
Жамоат ишлари, асосан, маҳалла фуқаролар йиғинларида, фермер хўжаликларида ҳамда қурилиш-коммуникация тармоқларида амалга оширилиб, бажариладиган ишлар учун маҳалла фуқаролар йиғинида ҳамда бюджет ташкилотларида ташкил этилган жамоат ишларига 100 фоиз, фермер хўжаликлари ва бошқа корхона, ташкилотларда бажарилган жамоат ишларига иш ҳақлари тўлаб бериш 50 фоизи жамғарма маблағларидан амалга оширилиши кўзда тутилган.
Азизбек ЮСУПОВ,
туман бандликка кўмаклашиш маркази мутахассиси.

