«ЙЎЛ ХАРИТАЛАРИ» – МУАММОЛАР ЕЧИМИ САРИ
Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ жойларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти йўлга қўйилди.
Туманимизда ҳам ҳудудлар ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ идоралари раҳбарлари бошчилигида тўртта секторга бўлиниб, улар томонидан кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Туман бўйича ҳар бир сектор раҳбари бошчилигида ишчи гуруҳи тузилиб, унга давлат бошқаруви идоралари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларидан иборат 97 нафар ходим жалб этилган.
Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар янгича ёндашув асосида қайта кўриб чиқилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. МФЙларда аниқланган, туман даражасида ҳал этиладиган муаммолар ечими ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқилаётир.
Туманимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида ўтган даврда 61 та лойиҳа амалга оширилди. Саноат йўналишида 7, қишлоқ хўжалиги йўналишида 10, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 44 лойиҳа ишга туширилиб, 540 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да барча маҳаллаларда очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар ташкил этилиб, муаммоларга ижобий ечим топилмоқда.
Туман ҳокими Абдуғани Турдиев раҳбарлик қилаётган секторга 16 та маҳалла фуқаролар йиғини киритилган. Ушбу ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳар бир хонадонга кириб, фуқаролар билан мулоқот қилиш, муаммоларини ўрганиш, турмуш даражасини яхшилаш ва ижтимоий ҳимоялаш, манзилли дастурлар ижросини назорат қилиш бўйича тегишли ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Ҳар куни туман ҳокими ва сектор ишчи гуруҳи ходимлари 70-80 та оилага кириб, уларнинг яшаш тарзи ва муаммоларини ўрганмоқда. Маҳаллалардаги қатор муаммоларга амалий ечим топилмоқда.
-Туман ҳокими раҳбарлигидаги секторнинг ишчи гуруҳи штаби Бирлашган маданият ва аҳоли дам олиш маркази биносида жойлашган, -дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Дилмурод Қамбаров. -Ўтган вақтда тегишли давлат ташкилотлари томонидан унинг фаолиятини тўғри ташкил этиш, вазифалар аниқлигини таъминлашга қаратилган бир неча семинар-йиғилишлар ўтказилди. Тадбирларда маҳаллаларимиз кесимида ечимини кутаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари, аҳоли мурожаатлари ҳам атрофлича ўрганилди. Улар асосида эски «йўл хариталари» қайта тузилиб, вазифаларнинг ижро муддати ва масъуллар рўйхати шакллантирилди. Айни пайтда ишчи гуруҳимиз билан харитани янада такомиллаштириш, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Секторда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, кам таъминланган, муҳтож фуқароларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган вақт мобайнида ишчи гуруҳи саъй-ҳаракати билан ҳомийлар жалб этилиб, 16 та маҳалладан 220 та муаммо ҳал қилинди. Уларга жами 9020 минг сўм ҳамда 16 нафар ногиронга 1500 минг сўмлик дори воситалари кўринишидаги моддий ёрдам ажратилди. Тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган 7 нафар фуқаронинг муаммоcи ўрнида ҳал этилди.

