МАНЗИЛИГА ЕТМАГАН ЮК

«Фалокат оёқ остида», -деган гап бор халқимизда. Бу билан ҳар қадамда сергаклик, ҳушёрликни асло ёддан кўтармасликка ишора қилинади. Кўп ҳолларда, бепарволик, хотиржамлик ўзига ҳаддан зиёд ишониб юборишдан келиб чиқади. Қолаверса, ҳар қандай иш, юмушни амалга оширишда ҳам тартиб-қоидалар мавжудки, уларга бўйсунишнинг замирида ҳам катта маъно-мазмун мужассам.

Ҳайдовчиликнинг ўзига яраша машаққати бор. Рулга ўтирдингми, бир сонияга бўлса-да, чалғишга ҳақинг йўқ. Акс ҳолда, бошингга не балолар ёғилмайди, дейсан. Устига-устак, аксарият вазиятларда, бошқа биров сенинг касрингга қолиб, майиб-мажруҳ бўлиши ёки буткул ҳаётдан кўз юмишига олиб келиши мумкин.

Ҳамюртимиз Д.К. билан содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасига ҳам қаҳрамонимизнинг ўзи сабабчи бўлди. Д.К. 2013 йилда ВС тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлганди. Шундан кейин тирикчилик баҳонасида акаси Н.К.га тегишли бўлган «Зил ММЗ-554» русумли юк машинасини вақт-бемаҳал бошқариб турарди.

Жорий йилнинг 9 август куни Д.К. 8 тонна минерал ўғит юкланган машинани Наманган-Учқўрғон автомобиль йўлида амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари» бандларини қўпол равишда бузган ҳолда бошқариб бораётганди. Бирдан ҳайдовчи бошқарувни назорат қила олмай, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетади. Оқибатда, рўпарадан ҳаракатланиб келаётган «Дамас» автомашинаси билан тўқнашади. «Дамас»ни бошқариб келаётган ҳайдовчи оғир тан жароҳати олади, ёнидаги йўловчи воқеа жойида вафот этади.

Мазкур жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари натижасига кўра, фуқаро Д.К. иши бўйича тўпланган ҳужжатлар ва далиллар етарли деб ҳисобланиб, айблов хулосаси туман прокуратурасига юборилди.

Ҳасанбой МАМУРЖАНОВ,

туман ИИБ ҳузуридаги ТБ бошлиғи, подполковник.