ЭЗГУ ҒОЯЛАР МУЖАССАМ
Йиллар ўтгани сайин биз Конституциямизнинг аҳамияти ва моҳиятини, ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини, қадр-қимматини янада чуқурроқ англаб бормоқдамиз. Ҳеч шубҳасиз, истиқлол йилларида қандай ютуқларга эришган бўлсак, барчасининг замирида Бош Қомусимизда кафолатланган ҳуқуқлар, ғоялар, тамойиллар мужассамдир.
Асосий Қонунимизда яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, виждон эркинлиги, сайлов ҳуқуқи, мулкдор бўлиш, билим олиш, эркин касб танлаш, меҳнат қилиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш каби инсоннинг қобилият ҳамда имкониятларини тўла рўёбга чиқариш учун зарур бўлган барча ҳуқуқ ва эркинликлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда бошқа умумэътироф этилган халқаро ҳужжатлар қоидаларига мос тарзда кафолатланган. Хусусан, 37-моддада: «Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир», -деб алоҳида белгилаб қўйилган.
Ёки Бахтимиз Қомусининг 53-моддасида таъкидланганидек: «Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи, устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди».
Бугунги кунда тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш, ишбилармонларга яратиб берилаётган қулайлик ва имкониятлар, ҳаётимиздаги туб ўзгаришларнинг барчаси Конституцияда белгилаб қўйилган олийжаноб мақсадларимизнинг ифодасидир. Зотан, эл-юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлигини таъминлаш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш – барча-барчасида Бош Қомусимизнинг алоҳида ўрни, аҳамияти бор.
Нодирбек ДЕДАХАНОВ,
вилоят Адлия бошқармаси Уйчи туман «Ягона дарча» маркази директори.

